Жарқўрғонда канал қурилиши, Шерободда саноат корхоналари фаолияти билан танишилди
Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов бугунги ҳудудларга ташрифини Жарқўрғон туманидан бошлади ва Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликда “Боботоғ каналини модернизация қилиш ва иншоотларини реконструкция қилиш" лойиҳасининг бориши билан танишди.
Лойиҳа пудратчиси бўлган Хитойнинг “China Geo-Engineering Corporation” компанияси раҳбари ва ҳудуд мутасаддилари модернизация ишларининг бориши ҳамда мавжуд муаммолар юзасидан ахборот берди. Вилоят раҳбари реконструкция ишларида юзага келаётган масалаларни ҳал этиш бўйича алоқадор бошқармаларга топшириқларни бериб, ишларни жадаллаштириш лозимлигини таъкидлади.
Шундан сўнг, вилоят раҳбари ташрифини Шеробод туманида давом эттирди. Дастлаб, “Комфорт Инерт Сервис” МЧЖнинг гранит плиталар ишлаб чиқариш корхонаси фаолияти билан танишилди. Вилоят раҳбари ишлаб чиқариш жараёнларини кўздан кечириш давомида воҳамизда қурилаётган объектларда ушбу маҳсулотлардан фойдаланиш лозимлигини, натижада импорт ўрни қопланиб, таннарх арзон бўлишини қайд этди. Шунингдек, корхона фаолиятини кенгайтириш, маҳсулотларни экспортга чиқариш бўйича зарур тавсиялар берилди.
Кейинги манзилда “Нео-Калий” МЧЖнинг калий захира майдонларида янги қудуқларни қазиш ва қидирув геология ишлари билан танишилди. Лойиҳа доирасида ҳозирда қазилган қудуқларни ишга тушириш, янги захираларни қидириш ва бурғулаш ишлари давом этмоқда.
Вилоят раҳбари “NCG KOREA CEMENT” МЧЖ хорижий корхонасининг йилига 2 млн тонна портланд цемент ишлаб чиқариш лойиҳаси билан танишди. Умумий қиймати 277 млн доллар бўлган лойиҳани қуриш давомида 2 мингта, тўлиқ қувватда ишга туширилгач, 3 мингта иш ўрни яратилиши режалаштирилган. Қурилиш билан боғлиқ масалаларни ҳал этишда лойиҳа ташаббускорларига яқиндан кўмак кўрсатиш бўйича масъулларга вазифалар белгилаб берилди.
Туманга ташриф давомида “Шеробод цемент заводи”да мавжуд муаммолар ўрганилди. Завод фаолиятини жонлантириш, ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш, янги қувватларни ишга солиш ҳамда мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.
Шунингдек, шу ернинг ўзида Президентимиз ҳузурида жорий йил 22 июль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида саноат корхоналарига ишга жойлаштирилган 25 нафар олий таълим муассасалари битирувчилари билан учрашув ўтказилди.
Унда ёшларга янги ишларида муваффақиятлар тилаган вилоят раҳбари саноат корхоналарида олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда илмий изланишларни йўлга қўйиш масаласига тўхталди. Бу борада ҳар бир саноат корхонасида фаолият юритаётган ходимларнинг камида 10 фоизини илмий изланишларга йўналтириш, муҳандислик университетлари билан янги лойиҳаларни ишлаб чиқиши кераклиги белгиланди.
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz