Бандихонда янги клиника ишга туширилди ва “Сайхунобод” тажрибаси асосидаги ишлар ўрганилди

Бугун ҳудудларга ташриф Бандихон туманида давом этди. Вилоят раҳбари туманнинг “Бандихон” маҳалласида “Обод турмуш шифо” МЧЖ томонидан ташкил этилган “Малҳам мед” хусусий клиникасининг очилиш маросимида иштирок этди. Аҳолига сифатли ва самарали тиббий хизмат кўрсатишда муҳим омил ҳисобланган клиника замонавий тиббий асбоб-ускуна ва жиҳозлар билан таъминланган.

Шундан сўнг, вилоят раҳбари туманнинг Сарой маҳалласига ташриф буюрди. Дастлаб, “Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш” жамғармаси маблағлари ҳисобидан 56 нафар ишсиз, “дафтар”ларга киритилган хотин-қизлар ва ёшларга субсидия асосида турли асбоб-ускуна ва жиҳозлар топширилди.

Вилоят раҳбари маҳалла бўйлаб, аҳоли хонадонларида “Сайхунобод” тажрибасини жорий этиш, кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш дастури орқали ажратилган кредит маблағлари эвазига ташкил этилган лойиҳалар билан танишди. Жумладан, “Сарой асл асали” МЧЖнинг асаларичилик фаолияти билан танишилди. МЧЖга ушбу лойиҳани йўлга қўйиш ва иш ўринлари яратиш учун имтиёзли кредит маблағлари ажратиб берилган.

Кейинги хонадонда Умбар Абдурахимов томонидан йўлга қўйилган сут маҳсулотларини қайта ишлаш фаолияти билан танишди. Фуқаро уйида боқаётган чорва молларидан ташқари, маҳалладаги бошқа хонадонлардан ҳам сут маҳсулотларини сотиб олиб, уни қайта ишлайди. Вилоят раҳбари мавжуд имкониятдан фойдаланиб, даромадли бўлаётган оиланинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш юзасидан туман мутасаддиларига топшириқлар берди.

Ташриф якунида вилоят раҳбари Рахима Остонаева хонадонида бўлиб, касаначилик асосида ташкил этилган миллий гилам тўқиш ва кўрпа-тўшаклар тикиш фаолияти билан танишди. Маҳалла хотин-қизларини иш билан таъминлаб, аҳоли учун зарур маҳсулотлар ишлаб чиқараётган оилавий тадбиркорлик фаолиятини эътироф этган вилоят раҳбари қишлоқларда хотин-қизлар бандлигини таъминлашда бу каби лойиҳалар муҳим эканлигини таъкидлади.

Туман раҳбарларига ушбу тажриба асосида чекка маҳаллаларда касаначиликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминловчи лойиҳаларни кўпайтириш вазифаси топширилди.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.