Сурхондарё ва Хатлон вилоятлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқалари кенгайтирилади

Бугун воҳамизга амалий ташриф билан келган Хатлон вилояти раиси Давлатали Саид ва Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов кенгайтирилган таркибда ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янги босқичда ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.

Хусусан, музокаралар давомида Сурхондарё ва Хатлон вилоятлари ўртасида савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва ижтимоий-маданий ҳамкорликни йўлга қўйиш, икки ҳудуд алоқаларини янги босқичда ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди. Раҳбарлар ҳудудлараро ҳар томонлама ва кўп қиррали ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишдан манфаатдор эканликларини қайд этишди.

Ҳудудлар ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйш бўйича Келишув лойиҳасини ҳамда уни амалга ошириш бўйича йўл хариталарини ишлаб чиқишга келишилди.

Хатлон вилояти раиси Сурхондарё вилояти ҳокимини жорий йил 17-18-октябр кунлари ўтказиладиган халқаро бизнес форумга таклиф қилди.

Шундан сўнг, Хатлон вилояти делегацияси Термиз туманида жойлашган “Namuna Elegant Agro” МЧЖнинг иссиқхона хўжалиги фаолияти билан танишишди. Шу eрнинг ўзида туманда етиштирилаётган мева-сабзавотлар кўргазмаси ҳам ташкил этилди.

Шунингдек, ҳудуддаги иссиқхона хўжалиги фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлар гулчилик, кўчатчилик ҳамда сабзавотчилик йўналишларидаги фаолиятлари билан ҳам таништиришди.

Икки ҳудуд тадбиркорларини жалб қилган ҳолда қишлоқ хўжалиги соҳасида янги лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Кейинги манзилда Хатлон вилояти делегацияси Термиз туманида йирик ишлаб чиқариш корхоналарида бўлди. Жумладан, “Termez National Carpets” МЧЖнинг гилам ишлаб чиқариш, “Афросиёб Парранда” МЧЖнинг омухта yeм ишлаб чиқариш ҳамда “Gold Dried Fruts Eksport” МЧЖнинг мева-сабзавотларни қайта ишлаш корхоналари фаолияти билан танишди.

Ишлаб чиқариш жараёнлари ҳамда тайёр маҳсулотларни кўздан кечирган Хатлон раиси вилоятимиз ҳокимига воҳанинг тадбиркорлик салоҳиятидан унумли фойдаланган ҳолда Тожикистонда янги истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш таклифини билдирди. Раҳбарлар ўзаро савдо-сотиқ ҳамда товар айирбошлаш ҳажмини ошириш масалаларини ҳам муҳокама қилди.

Шунингдек, “Афросиёб Парранда” МЧЖ очиқ майдонида ташкил этилган Сурхондарёда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар кўргазмаси меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди ҳамда воҳамиз тадбиркорларининг фаолиятини юқори баҳолашди.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.