Қизириқда лойиҳалар тақдимоти, Қумқўрғонда мактаблар фаолияти билан танишилди
Бугун Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги ишлар ҳамда ижтимоий соҳа объектлари фаолияти билан танишиш мақсадида Қизириқ ва Қумқўрғон туманларига ташриф буюрди.
Дастлаб, Қизириқ туманида “Ёшлар ва туризм кўчаси”, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш нуқталари, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш цехи ҳамда автотураргоҳ ва дўконлар мажмуасини қуриш лойиҳалари тақдимоти билан танишилди. Вилоят раҳбарига мутасаддилар лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асослари, яратиладиган иш ўринлари ҳамда ҳудудни ривожлантиришдаги аҳамияти ҳақида ахборот берди.
Шундан сўнг, вилоят раҳбари Қумқўрғон туманидаги 1-сонли ва 24-сонли мактаблар фаолияти билан танишди. Хусусан, 1-сонли мактабнинг фойдаланилмаётган, таъмирталаб ўқув биносини реконструкция қилиш бўйича лойиҳа-таклифини ишлаб чиқиш топшириғини берди. 24-сонли мактабда спорт зали, шахмат тўгараги ҳамда кутубхона фаолияти кўздан кечирилиб, ўқитувчилар билан таълим сифатини ошириш, ўқувчиларни дарс машғулотларига қизиқтириш борасида суҳбат қилинди.
Вилоят ҳокими мактаб билим ва тарбия маскани бўлиши, “мактаб – оила – маҳалла” ҳамкорлигини самарали ташкил этиш, ўқувчиларнинг мактабларда мобил телефонлардан фойдаланишини тартибга солиш, ижтимоий тармоқларга қарамлигининг олдини олиш муҳимлигини таъкилади.
Туманга ташриф якунида Нефтчилар маҳалласида ташкил этилган спорт клуби фаолияти билан танишилди. Вилоят раҳбари мураббий ва спортчи ёшлар билан суҳбатидан сўнг, мутасаддиларга маҳаллаларда спорт клублари, тўгараклар фаолиятини ташкил этиш ишларини жадаллаштириш вазифасини топширди.
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz