Инвестиция соҳасида амалга оширилаётган лойиҳалар ва тақдимотлар билан танишилди
Бугун Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов ҳафталик иш режасига мувофиқ Термиз шаҳри, Жарқўрғон ва Денов туманларида инвестиция, экспорт ва саноат йўналишларида амалга оширилаётган лойиҳалар, корхоналар ҳамда тақдимотлар билан танишди.
Дастлаб, Термиз шаҳрида “Тинчлик” ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонасида амалга оширилаётган ишлар, лотларда йўлга қўйилаётган лойиҳалар билан танишилди. Шу ернинг ўзида саноат корхоналари фаолиятида аниқланган муаммоларни ҳал этиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, Ангор туманида “Сурхон голден траде” МЧЖ томонидан 14 гектар майдонда қиймати 19,9 млн долларлик логистика маркази ташкил этиш ҳамда Сурхондарё вилояти Педагогик маҳорат марказида лаборатория биноси қуриш лойиҳалари тақдимоти билан танишилди.
Шундан сўнг, вилоят раҳбари Жарқўрғон тумани Маданият марказида Термиз шаҳри ва туманларда экспорт кўрсаткичларининг бажарилишини мутасаддилар иштирокида муҳокама қилди ҳамда экспортёр корхоналар раҳбарлари билан учрашув ўтказилди. Унда дастлаб мутасаддиларнинг ахборотлари тингланди, шунингдек, мавжуд муаммолар таҳлил қилинди. Тадбиркорлар билан мулоқотда кўтарилган масалаларни ҳал этиш бўйича мутасаддиларга вазифалар белгилаб берилди.
Вилоят раҳбари Жарқўрғонга ташрифи давомида “Жасур Агромаш Сервис МТП” МЧЖнинг гипс ишлаб чиқариш корхонаси очилиш маросимида иштирок этди. Умумий қиймати 1,5 млн доллар бўлган мазкур лойиҳа йиллик 60 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга бўлиб, корхонада 30 та янги иш ўрни яратилган. Шунингдек, тадбиркор томонидан оҳак ишлаб чиқариш лойиҳаси ҳам тақдимот қилинди.
Вилоят раҳбари ҳудудларга ташрифини Денов туманида давом эттириб, дастлаб, Денов ва Олтинсой туманларини боғловчи кўприк ҳамда автомобиль йўли ҳолатини кўздан кечирди. Мутасаддиларга йўл ва кўприкда жорий таъмирлаш ишларини амалга ошириш вазифаси топширилди. Шунингдек, туманнинг Қизилжар маҳалласида жойлашган “Дўстлик” паркидаги мавжуд шароитлар билан танишилди. Вилоят раҳбари парк ўрнида янги боғ ташкил этиш лойиҳа таклифини билдирган тадбиркор билан ҳудудни кўздан кечирди.
Шундан сўнг, Қизилсув дарёси бўйида Қизилжар маҳалласидаги “Дўстлик” парки ўрнида “Янги Ўзбекистон” боғини ташкил этиш, Денов марказига борувчи 4Р-108в автомобил йўлини реконструкция қилиш, турар жойлар, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш нуқталари қуриш лойиҳалари тақдимоти билан танишилди. Берилган тавсияларни инобатга олган ҳолда “Янги Ўзбекистон” боғини ташкил этиш лойиҳасини қайтадан пухта ишлаб чиқиш топшириғи берилди.
Туманга ташриф якунида “Қўзичоқли” ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонасида амалга оширилаётган лойиҳалар, йўлга қўйилаётган корхоналар фаолияти ҳамда уларда яратилаётган иш ўринлари билан ҳам танишилди.
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz