Сариосиёда ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналари ҳамда аҳоли хонадонлари билан танишилди

Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов бугун аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда янги лойиҳаларни йўлга қўйиш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида Сариосиё туманига ташриф буюрди.

Дастлаб, туманнинг Шабнам маҳалласида яшовчи Бозор Мерганов ва Шерзод Боқиевларнинг хонадонларида кўчатчилик фаолияти билан танишилди. Бу ерда турли манзарали дарахт ва гул кўчатлари етиштириш яхши йўлга қўйилган. Вилоят раҳбари хонадон соҳиблари билан суҳбатлашиб, маҳалла “еттилиги”га тажрибани оммалаштириш, оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш топшириғини берди. Шунингдек, маҳалла инфратузилмасини яхшилаш бўйича мутасаддиларнинг ахбороти тингланди.

Шундан сўнг, Кончилар маҳалласида кичик бизнес субъектларини қўллаб-қувватлаш дастурига асосан имтиёзли кредит маблағлари ажратилган “Олмос Химчистка Компанияси”нинг мебель, гилам, брусчаткалар каби маҳсулотларни ювиш ҳамда кийимларни кимёвий тозалаш хизмати кўрсатиш лойиҳаси, тадбиркор Ситора Ҳакимжонова томонидан ташкил этилган тикувчилик корхонаси фаолияти билан танишилди. Хизмат кўрсатиш лойиҳасида 25 та, тикувчилик цехида 50 та иш ўрни яратилган.

Кейинги манзилда “5-Сариосиё қурилиш корхонаси” МЧЖ томонидан 5,5 гектар майдонда ташкил этилган темир-бетон маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонаси фаолияти билан танишилди. Ишлаб чиқариш жараёнлари, тайёр маҳсулотлар кўздан кечирилди. Вилоят раҳбари тадбиркор билан суҳбатлашиб, фаолиятини кенгайтириш, иш ўринлари сонини ошириш юзасидан зарур тавсияларини берди.

Туманга ташриф сўнгида вилоят раҳбари “Янги Ўзбекистон” массивида турар жойлар ҳамда ижтимоий соҳа объектлари, хизмат кўрсатиш нуқталари қурилиши билан танишди, шунингдек, мутасаддиларнинг ахборотларини тинглаб, қурилиш ишларини белгиланган муддатда якунлаш бўйича топшириқларни белгилаб берди.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.