Термиз ва Ангор туманларида "Янги Ўзбекистон" массивлари ва боғ қурилиши билан танишилди
Бугун Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалаларида амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида ҳудудларга ташрифини Термиз ва Ангор туманларидан бошлади.
Дастлаб, Термиз туманида 27 гектар майдонда “Янги Ўзбекистон” боғи ҳамда 28,5 гектар майдонда “Янги Ўзбекистон” массивини барпо этиш ишлари билан танишилди. Боғ ҳудудида биринчи навбатда суғориш тизимини ташкил этиш, мавжуд дарахтларни сақлаш, яшил зоналарни яратиш, турар жойлар, олий таълим муассасаси ўқув биносининг қурилиши юзасидан масъулларнинг ҳисоботлари тингланди.
Ҳудудда ташкил этиладиган олий таълим муассасасида 12 мингга яқин талаба ўқийди ҳамда янги боғ ҳудудида амфитеатр, конгресс ҳол, кўнгилочар масканлар барпо этилади. Вилоят раҳбари қурилиш-таъмирлаш ишларини жадаллаштириш, сифатли амалга ошириш ҳамда белгиланган муддатда фойдаланишга топшириш вазифаларини белгилаб берди.
Шундан сўнг, Ангор туманида ҳам “Янги Ўзбекистон” массивида турар жойлар қурилиши сифати кўздан кечирилди. Мутасаддиларга қатор камчиликларга йўл қўйилганлиги кўрсатиб ўтилиб, уларни бартараф этиш юзасидан вазифалар юкланди. Шунингдек, Ангор ва Шеробод туманлари туташган ҳудудда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг жорий кузги мавсумида дарахт экиш учун танлаб олинган ҳудудда тақдимот билан танишилди. Мутасаддилар ҳудуднинг тупроқ ва иқлим шароитлари, экилиши режалаштирилган дарахт ва бута кўчатлари турлари ҳақида ахборот берди.
Вилоят раҳбари ҳудудда бир ой муддатда суғориш тизимини яратиш, тупроқ унумдорлигини ошириш, кўчат экиш учун тайёрлаш ҳамда кўпроқ яшиллик берувчи, кислород ишлаб чиқаришда фаол бўлган кўчатларни жамғариш ҳамда белгиланган муддатда экиш ишларини бош топшириғини берди.
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz