Жарқўрғон туманида ижтимоий соҳа объектлари билан танишилди
Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов Жарқўрғон туманида ижтимоий соҳа объеклари фаолияти билан танишди. Дастлаб, Нурли диёр маҳалласида эркин кураш спорт клубида бўлиб, ҳудуд ёшлар етакчиларига стол тенниси ва шахмат анжомларини топширди. Вилоят раҳбари тадбир иштирокчиларига спортнинг тарбиявий аҳамияти ҳақида мисоллар келтириб, спорт билан фаол шуғулланишга чақирди.
Шунингдек, ушбу маҳаллада жойлашган этнографик музей, унда сақланаётган тарих, маданият ва анъаналарни акс эттирувчи экспонатлар кўздан кечирилди. Шундан сўнг, маҳалладаги ҳунармандчилик маркази фаолияти билан танишилди.
Вилоят ҳокими Ички ишлар вазирлигининг Сурхондарё вилояти лицейига ташрифида тарих дарсида қатнашаётган ўқувчилар билан Амир Темур шахси, давлатчилиги, саркардалик фаолияти ҳақида суҳбатлашди. Ўқувчиларга тарихий шахслар ва уларнинг ҳаёт йўлларини ўрганиш, кўпроқ билим олишлари лозимлиги таъкидланиб, бу касбий фаолиятларида муҳим эканлиги қайд этилди. Вилоят раҳбари ўқувчиларнинг тарихга қизиқишини юқори баҳолади ва бундай мулоқотларни доимий, бошқа таълим муассасаларида ташкил этиш лозимлиги билдирилди.
Ташриф давомида ҳоким Гулҳовуз маҳалласидаги 47-сонли мактабнинг янгидан таъмирдан чиқарилган ўқув биноси билан танишди. Ўқув биносида ўқитувчи ва ўқувчилар қулай, замонавий шароитлар билан таъминланган. Мактабда янги қурилган мини стадион ҳам фойдаланишга топширилди.
Шундан сўнг, мазкур маҳалладаги оилавий шифокорлик пунктининг фаолияти билан ҳам танишилди. У ерда патронаж тиббий хизмат кўрсатиш сифати кўрилди. Аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва саломатлигини асраш оилавий шифокорлик пунктининг асосий вазифаси эканлиги таъкидланди.
Умуман олганда, ҳокимнинг ташрифи, ҳудуддаги ёшлар ва аҳоли ҳаётининг турли соҳаларини яхшилаш, таълим ва тиббиёт соҳасида янгиликлар билан танишиш ҳамда жамоатчилик билан мулоқот ўрнатишга қаратилган бўлиб, бу ташаббуслар маҳаллаларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига ҳисса қўшади.
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz