Миграциядан қайтган фуқаролар билан онлайн мулоқот ўтказилди
Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов миграциядан қайтган, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган фуқаролар билан онлайн учрашув ўтказди. Мулоқот шаҳар ва туманлар студиялари орқали ташкил этилиб, унда тегишли мутасаддилар, ҳоким ёрдамчилари ҳамда ўз бизнес лойиҳаларини амалга ошириш истагида бўлган, миграциядан қайтган фуқаролар иштирок этди.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан умуммиллий ҳаракатга айланган “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида миграциядан қайтган фуқароларни доимий даромад келтирадиган фаолият билан банд қилиш асосий йўналишлардан бири ҳисобланиши таъкидланди.
Ўтказилган ўрганишлар давомида миграциядан қайтган 2 184 нафар фуқаро тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагини билдирган бўлиб, уларнинг 664 нафари хизмат кўрсатиш, 669 нафари ишлаб чиқариш ва 1 451 нафари қишлоқ хўжалиги соҳасида о'з лойиҳасини амалга оширишни мақсад қилган. Учрашув давомида фуқароларнинг таклиф ва ташаббуслари тингланиб, уларнинг бизнес лойиҳаларини муваффақиятли амалга оширишлари учун зарур чораларни кўриш бўйича мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди.
Вилоят раҳбари тадбиркорликни ривожлантириш орқали ишчи ўринлари яратиш, аҳолининг ижтимоий фаровонлигини ошириш ҳамда вилоятнинг иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлади. Учрашувда билдирилган таклиф ва лойиҳалар бўйича барча зарур ресурс ва имкониятларни сафарбар қилиш ҳақида ҳам аниқ кўрсатмалар берилди.
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz