Бешта давлат элчилари билан учрашув ўтказилди. Меҳмонлар халқаро савдо ва логистика марказлари билан танишди

Бугун Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов Хитой элчиси Юй Сзюн, Германия элчиси Манфред Хутерер, Чехия элчиси Любомир Фреборт, Қатар элчиси Ҳасан Ҳамза Асад Муҳаммад Ҳошим, БАА элчиси Муҳаммад Дохерий билан учрашув ўтказди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматилла Иргашев ва Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Илҳом Хайдаров ҳам иштирок этди.

Учрашувда Сурхондарё вилоятида иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, айниқса, инвестицияларни жалб қилиш, инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш, савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича муҳокамалар ўтказилди. Шунингдек, Афғонистон билан иқтисодий ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш мақсадида амалга оширилаётган лойиҳалар, жумладан, Термиз халқаро савдо зонаси, у ерда яратилган шароит ва имкониятлар ҳақида маълумот берилди.

Бундан ташқари, воҳамизнинг инвестицион салоҳияти, ушбу давлатлар инвесторларини жалб қилган ҳолда амалга ошириш имконияти мавжуд соҳа ва тармоқлар, лойиҳалар кўриб чиқилди.

Бу каби учрашувлар Ўзбекистоннинг минтақадаги дипломатик мавқеини мустаҳкамлашга, иқтисодий тараққиётни рағбатлантиришга ва қўшни давлатлар билан муносабатларни яхшилашга қаратилган стратегик аҳамиятга эга эканлиги қайд этилди.

Шундан сўнг, Хитой, Германия, Чехия, Қатар ва БАА давлатлари элчилари Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов, вилоятимиз раҳбари Улуғбек Қосимов ҳамда Афғонистон бўйича махсус вакил Исматилла Иргашев ҳамроҳлигида Термиз халқаро савдо марказига ташриф буюрди.

Марказий Осиёда муқобили бўлмаган биринчи эркин савдо зонаси Ўзбекистон ва Афғонистон чегарасида, Термиз тумани ҳудудида жойлашган бўлиб, қиймати 70 млн АҚШ долларни, умумий майдони 36 гектарни ташкил этади. Ҳудудда меҳмонхона, тиббиёт клиникаси, бизнес мактаби, йирик савдо ва хизмат кўрсатиш маркази, ресторанлар, хостел, йилига 900 минг тонна юк айланмаси қувватига эга логистика маркази ҳамда ишлаб чиқариш корхоналари жойлашган.

Меҳмонлар марказда Бизнес мактаби, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган электротехника ва заргарлик маҳсулотлари шоурумлари ҳамда логистика маркази ва бошқа бир қатор объектлар, шунингдек, зонада яратилган шароитлари, имконият ва имтиёзлар билан танишишди. Шунингдек, Ўзбекистон ва Афғонистонни “Амударё” дарёси устидан боғлаб турувчи “Хайратон” кўприги билан ҳам яқиндан танишилди.

Шундан сўнг, элчилар «TERMEZ CARGO CENTRE» транспорт-логистика маркази фаолияти билан танишишди. Марказ қарийб 50 гектар майдонда жойлашган бўлиб, ҳар бири 6 минг кв метр бўлган 4 та ангарга эга умумий 1,5 минг тонна омборни ўз ичига олади.

Мазкур транспорт-логистика маркази Ўзбекистондан қўшни мамлакатларга, шунингдек, дунёнинг бошқа давлатларига ҳам маҳсулотларни хавфсиз ва ишончли етказишда муҳим логистика обекти ҳисобланади.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.