Шўрчида “Ёшлар ва туризм” кўчаси очилди ҳамда ижтимоий соҳа объектлари фаолияти билан танишилди

Давлатимиз Раҳбари томонидан ҳудудларда ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиши учун шароитлар яратиш ҳамда туризмни ривожлантириш, 24/7 режимда фаолият юритувчи “Ёшлар ва туризм” кўчаларини ташкил этиш бўйича вазифалар белгилаб берилган эди. Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида Сурхондарё вилоятининг ҳар бир ҳудудида биттадан жами 15 та кўча танлаб олиниб, намунавий лойиҳалар асосида ишлар олиб борилмоқда.

Жумладан, бугун Шўрчи тумани Гулистон маҳалласи ҳудудида ташкил этилган “Ёшлар ва туризм” кўчаси фойдаланишга топширилди. Тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов иштирок этди.

Шўрчида ташкил этилган мазкур кўчада 2 та мини стадион, 250 ўринли томошагоҳ, "Варкоут", баскетбол, валейбол ва ҳарбий-Ватанпарварлик мусобақалари ўтказиш учун мўлжалланган майдонлар ҳамда 50 ўринли амфитеатр барпо этилган. Шунингдек, кўча бўйлаб 3,4 км узунликда велойўлак ташкил этилган. Бундан ташқари ҳудудда гулчилик ва кўчатчиликка ихтисослаштирилган иссиқхона ҳам қурилган.

Вилоят раҳбари кўчанинг тантанали очилиш маросимида иштирок этиб, туман нуронийлари ва фаоллари билан суҳбатлашди. Шунингдек, ҳудудда жойлашган мактабнинг бўш биносида ташкил этилган спорт тўгараклари ҳамда ЁЧҚТ ва физика фанига ихтисослаштирилган хоналар кўздан кечирилди.

Тадбир якунида мутасаддилар кўча бўйлаб ташкил этилаётган боғ ҳудудига дарахт кўчатлари экди.

Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов Шўрчи туманига ташрифини давом эттириб, "Толли" оилавий шифокорлик пункти фаолияти билан танишди.

Тиббиёт маскани шароитлари, кадрлар билан таъминланиши, шунингдек, беморларга хизмат кўрсатиш даражаси билан танишилди ҳамда мутасаддиларнинг оилавий шифокорлар томонидан кўрсатиладиган дастлабки тиббий ёрдам, диагностика ва профилактика хизматлар борасидаги ахбороти тингланди. Оилавий шифокорлик пунктларининг аҳоли саломатлиги учун аҳамияти таъкидланиб, хизмат сифатини ошириш, зарур ускуналар билан таъминлаш бўйича қўшимча тавсиялар берилди.

Шундан сўнг, 20-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти фаолияти билан танишилиб, болалар учун яратилган шароитлар кўздан кечирилди. Вилоят раҳбари болаларни соғлом овқатланитириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда мавжуд шароитларга эътибор қаратди. Болаларга рацион асосида, санитария-гигиена қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда тайёрланган овқатларни бериш лозимлигини таъкилаб, мутасаддиларга бу борада қатъий назорат ўрнатиш вазифасини топширди.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.