Мактабларга олийгоҳларни бириктириш тажрибасининг самарадорлиги билан танишилди
Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов Олтинсой туманига ташриф буюриб, мактабларда таълим-тарбия сифатини ошириш ва ўқитувчиларнинг сифат кўрсаткичларини яхшилаш бўйича олийгоҳлар томонидан амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Мазкур тажриба мактаблар ва олий ўқув юртлари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, педагог кадрлар малакасини ошириш ва ўқув жараёни сифатини янада юқори даражага олиб чиқиш мақсадида йўлга қўйилган.
Жумладан, Денов тадбиркорлик ва педагогика институтига бириктирилган 22-, 30- ва 31-сонли, Термиз давлат университетига бириктирилган 54- ва 55-сонли, Термиз иқтисодиёт ва сервис университетига бириктирилган 44-сонли, Термиз муҳандислик ва агротехнологиялар университетига бириктирилган 13- ва 12-сонли, Термиз давлат педагогика институтига бириктирилган 5- ва 9-сонли мактабларда олийгоҳлар томонидан педагогик ёрдам кўрсатиш, замонавий таълим методларини жорий этиш, ўқувчиларнинг фанга қизиқишини ошириш, касбий йўналишларни танлашга тайёрлаш, уларни турли касб-ҳунар тўгаракларига жалб қилиш, педагог кадрлар малакасини ошириш каби тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ташриф доирасида ҳар бир мактабда олийгоҳлар билан ҳамкорлик самарадорлиги муҳокама қилинди ва уларнинг ўқув жараёнига таъсири кўриб чиқилди. Вилоят раҳбари мактаблар ва олийгоҳлар ўртасидаги бундай ҳамкорлик ўқитувчиларнинг касбий маҳоратларини ошириш ва ўқувчиларнинг таълим сифатини яхшилашда муҳим қадам эканини таъкидлади.
Шундан сўнг, туман ҳокимлиги мажлислар залида видеоконфренсалоқа орқали ёшлар сиёсати ва ижтимоий соҳада амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди. Унда соҳа ва тармоқлар ҳамда ҳудудлар раҳбарларининг ахборотлари тингланди. Шунингдек, Олтинсой туманидаги мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини самарали ташкил этиш борасидаги ишлар ҳам кўриб чиқилди. Мутасаддиларга муҳокама қилинган масалалар юзасидан вазифалар белгилаб берилди.
Ташриф якунида вилоят раҳбари 18-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотининг мавжуд шароитларини кўздан кечирди. 1972 йилда қурилган, қониқарсиз шароитга келиб қолган боғчани қайта қуриш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш вазифаси топширилди.
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz