Сурхондарёда тадбиркорлик учун кенг имкониятлар очилади

Президент Шавкат Мирзиёев 22 ноябрь куни Сурхондарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, инвестиция ва тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш чора-тадбирлари юзасидан йиғилиш ўтказди.

Ҳудудларни ривожлантиришга қаратилган тизимли ишлар натижасида бу воҳада ҳам кенг имкониятлар очилмоқда. Келгуси йилда Сурхондарёга 2 миллиард доллар инвестиция жалб этиш, 425 минг аҳолини банд қилиш ва экспортни 320 миллион долларга етказиш режа қилинган.

Масалан, “Айритом” халқаро савдо зонасида бир ойда ўртача 5 миллион долларлик маҳсулот сотилаяпти. Унинг ҳудуди 150 гектарга кенгайтирилса, яна 250 миллион долларлик лойиҳаларга жой бўлади.

Хитойлик инвесторлар Боботоғ ҳудудидаги мис ва кумуш конларига 2,7 миллиард доллар инвестиция киритиб, 2 минг иш ўрни яратишни таклиф қилаяпти. Бунинг натижасида йилига 600 миллион долларлик тайёр маҳсулот экспорт қилиш имконияти яратилади.

Шерободнинг Вандоб ва Чорбоғ ҳудудлари эса вольфрам, кўмир, ош тузи, кварц қуми каби табиий ресурслар захирасига бой. Бу конларга 320 миллион доллар инвестиция жалб қилиб, 1,5 минг иш ўрни яратиш мўлжалланган. Бандихон туманидаги 50 гектар майдонда Термиз эркин иқтисодий зонасининг филиалини очиш режалаштирилган.

Қишлоқ хўжалигида ҳам ишга солинмаган имкониятлар кўп. Масалан, Бойсун ва Узун туманлари табиати каврак етиштириш учун қулай. 18 минг гектар яйлов ва ўрмон ерлари шу мақсадда аҳолига берилса, 4 минг одамнинг бандлиги таъминланади. Узун, Шўрчи ва Қумқўрғондаги худди шундай яйловларда қўйчилик ва қорамолчилик мажмуаси ташкил этиш мумкин.

Музработдаги 17 та коллекторда йиғиладиган сув қарийб 4 минг гектарда шоли етиштириш имконини беради. Бу орқали йилига 8,5 минг тонна гуруч олинади, 400 нафар одам доимий, яна 4,5 минг нафари мавсумий иш билан банд бўлади.

Қизириқ туманида 300 гектарда иссиқхона, Олтинсойда 1 минг гектарда узумзор ташкил этиб, бозорбоп маҳсулотлар етиштириш ҳам яхши иқтисодий самара беради.

Сангардак, Омонхона, Бойсун ҳудудида туризм шароитларини яхшилаб, камида 1 миллион сайёҳни жалб қилиш бўйича дастур ишлаб чиқилади.

Йиғилишда Сурхондарё вилояти ҳокими шу каби имкониятларни ишга солиш бўйича режаларни тақдимот қилди.

Давлатимиз раҳбари тадбиркорлик ташаббусларини амалга ошириш, конлар негизида тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш, савдо ва хизматларни ривожлантириш бўйича кўрсатмалар берди. Деҳқончилик учун ажратилаётган ҳар бир майдон аҳоли бандлиги ва озиқ-овқат хавфсизлигига хизмат қилиши кераклиги таъкидланди.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.