Тўра Боболов кўзи ожиз фуқароларнинг муаммоларини ўрганди
Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболовнинг навбатдаги сайёр қабули одатдагидан бошқача форматда ўтказилди. Термиз шаҳридаги Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказида вилоятда истиқомат қилувчи кўзи ожиз фуқаролар учун сайёр қабул ташкил этилиб, унда муаммолари ечимидан умидвор бўлиб келган имконияти чекланган фуқароларнинг масалалари тегишлилиги бўйича кўриб чиқилди. Бунинг учун туманлардан ташриф буюрувчи кўзи ожиз фуқаролар ва уларнинг кузатувчиларига зарур шарт-шароитлар яратилди.
Сайёр қабулда Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти марказий бошқаруви раиси Эргаш Норпўлатов, алоқадор вилоят бошқарма ва ташкилотлари раҳбарлари иштирок этди.
Қарийб 3 соат давом этган сайёр қабул жараёнида фуқаролардан асосан, уй-жой билан таъминлаш, уй-жойни таъмирлаш, даволаниш учун ёрдам кўрсатиш, ишга жойлаштириш, моддий ёрдам ажратиш, кредит олиш, коммунал қарздорликни бартараф этиш ва бошқа масалалар борасидаги муаммолар бўйича мурожаатлар қабул қилинди.
Сайёр қабулни эшитиб, Ангор туманидан келдим. Ишга жойлашиш ва уй-жой қуриш масалаларида вилоятимиз ҳокимидан амалий ёрдам сўрадим, – дейди “Маданият” маҳалласида яшовчи фуқаро Бобомурод Бердиев. – Мурожаатим инобатга олиниб, янги ўқув йилидан Ангор туманида иш бошлайдиган вилоят кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болаларга ихтисослаштирилган мактаб-интернатига ишга жойлашадиган бўлдим. Уй-жой қуришда “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиявий ёрдам бериладиган бўлди.
Сайёр қабулда 135 нафар фуқаро томонидан 173 та масалани ўртага ташланди. Ушбу мурожаатлардан 64 таси жойида ҳал этилди. Муддат талаб қиладиган масалалар бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланди. Ижроси назоратга олинди.
– Бугунги сайёр қабул жуда яхши ташкил этилибди. Вилоятимиз ҳокими ҳеч бир мурожаатни эътиборсиз қолдирмадилар. Ҳудудларда қурилаётган субсидияли уй-жойларга унга муҳтож имконияти чекланган фуқароларни биринчи навбатда рўйхатга қўйиш тўғрисида мутасаддиларга қатъий топшириқ бердилар. Менинг ҳам субсидия асосида турар жой олишимда амалий ёрдам бериладиган бўлди, – дейди шўрчилик Муҳаббат Муслимова.
Бугунги кунда вилоятда 6 минг нафарга яқин кўзи ожиз ва заиф кўрувчи фуқаролар истиқомат қилади. Ўзбекистон кўзи ожизлар жамиятининг вилоят бўлими ўз атрофига 1300 нафардан ортиқ 1-, 2-гуруҳ ногиронларини бирлаштирган. Жойларда жамиятнинг 14 та шаҳар ва туман бўлинмалари фаолият кўрсатмоқда.
Бӯлиб ӯтган сайёр қабул давомида имконияти чекланган фуқароларнинг кундалик ҳаётда қийнаб келаётган аксарият муаммолари ўз ижобий ечимини топди. Бу эзгу ишлар аҳолининг фаровон ҳаётини таъминлашга, бугунги кундан рози бӯлиб яшашларига хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятлидир.
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz