“Зарчоб-2 кичик ГЭС” истиқболли лойиҳаси ишга туширилди

Cурхондарё вилояти Сариосиё туманида бугун, 20 ноябрь куни янгидан барпо этилган “Зарчоб-2” кичик ГЭС ишга туширилишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Тантанали маросимда вилоят ҳокими Тўра Боболов, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ раиси, сенатор Абдуғани Сангинов, вилоят ҳокими ўринбосарлари, туманлар ҳокимлари, соҳа мутахассислари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, нуронийлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Қуввати 38,2 МВт бўлган “Зарчоб-2” кичик ГЭС Президентнинг 2017 йилдаги “2017-2021 йилларда гидроэнергетикани ривожлантириш чора-тадбирлари Дастури тўғрисида”ги ҳамда 2018 йилдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилга мўлжалланган Инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари асосида қурилиб, фойдаланишга топширилди.

ГЭС учун зарурий технологик қурилмалар Хитойнинг етакчи компанияси “Dongfang Electric International Corporation” томонидан етказиб берилиб, асбоб-ускуналар ҳамда гидроагрегатлар мазкур компания ходимлари ҳамда маҳаллий мутахассислар томонидан биргаликда монтаж ишлари олиб борилди.

Мазкур ишларни бажаришда соҳада етарлича тажриба ва нуфузга эга бўлган “TURONELEKTROMONTAJ” АЖ, “NP ESAN” МЧЖ, “AGEM” МЧЖ сингари монтаж-наладка йўналишидаги корхоналар билан бир қаторда “Тўполанг ГЭС” УКнинг Зарчоб 2-КГЭС бўлимига жорий йилнинг бошида ишга қабул қилинган истиқболли ёш мутахассислар фаол жалб қилинди.

Аҳамиятли жиҳати шундаки, ушбу ресурслар табиий ва қайта тикланувчан ҳисобланиб, мамлакатимиз энергетика соҳасига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшади. ГЭСлар томонидан экологияга ҳеч қандай зарар етказмаган ҳолда, барқарор энергия ишлаб чиқарилиб, вилоят саноат корхоналари, турли идоралар ва маҳаллий аҳолига етказиб берилади.

Мазкур лойиҳани ишга туширилиши натижасида Сурхондарё вилоятининг электр энергияга бўлган талабининг муайян қисмини, саноат ва иқтисодиёт корхоналарини гидроэнергия ҳисобидан таъминлаш имкони вужудга келади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг апрел ойида қуввати 37,4 МВт бўлган “Зарчоб-1” кичик ГЭС фойдаланишга топширилган.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.