Бандихонда ўтказилган ватанпарварлик фестивали ёшларнинг юртга садоқат туйғусини мустаҳкамлади
Сурхондарё вилоят ҳокимлиги ва Жануби ғарбий махсус ҳарбий округи жанубий операцион қўмондонлиги ҳамкорлигида “Ким Ватанга содиқ бўлса, мендирман ўша” шиори остида Бандихон туманида ўтказилган ватанпарварлик фестивали ёшларнинг юртга садоқат туйғусини мустаҳкамлаб, уларга бир олам завқу-шавқ улашди.
Тадбир туман марказида ҳамкорликдаги куч тузилмалари ва уларнинг ҳарбий техникалари ҳаракати, ҳарбий оркестр жамоаси, отлиқ чавондозлар, ҳаваскор ҳарбий бахшилар, ёшларнинг марказий йўлда саф юриши билан бошланди.
Фестивалнинг тантанали очилиш маросимида Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимиз Қуролли Кучларида амалга оширилаётган ислоҳотлар халқимизнинг тинч, тўкин ҳаётини таъминлаб, ёш авлоднинг ҳарбий соҳага қизиқиш ва интилишини кучайтиришга хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди. Ёшлар билан ишлашда ташкил этилган янги тизим асосида улар ўртасида турли спорт беллашувларини уюштириш, ҳарбий қисмлар йўқ туманларда Ватан ҳимоячиларининг кўргазмали чиқишларини, ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар намойишларини ўтказиш ажойиб анъанага айланиб бораётгани қайд этилди.
Қайта ташкил этилганига энди бир йилдан ошган Бандихон тумани ҳам ижтимоий-иқтисодий юксалиб, ривожланиш йўлида дадил одим ташламоқда. Ҳудуддаги мавжуд 22 маҳалланинг ҳар бирида одамларнинг бугунги ҳаётидан рози бўлиб яшаши учун улкан бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Иссиқхона, чорвачилик ва паррандачиликни, хизматлар кўрсатишни ривожлантиришга, ҳудудга замонавий саноатни олиб кириш ва “Ёшлар дафтари”га киритилган йигит-қизлар бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айни пайтда 35 гектар майдонда барпо этилаётган йирик иссиқхонани ҳар бир ёшга уч сотихдан тақсимлаб бериш орқали ёшлар бандлигини таъминлаш мўлжалланаётир.
Марказий ўйингоҳда катта байрам рухида ўтган тадбирда ёшлар замонавий ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар билан яқиндан танишди. Ҳарбий акалари билан замонавий техникалар ёнида суратга тушиб, осуда, фаровон юртда яшаётганидан фахр ҳиссини туйди.
Шу пайтгача бундай ҳарбий техникалар ва қурол-аслаҳаларни фақат телевизорда кўрганмиз,дейди тумандаги 16-мактаб ўқувчиси Баҳодир Пардаев.Бугун мана турли ҳарбий техникаларни ўз қўлларимиз билан ушлаб кўрдик. Бошқарилиши билан танишдик. Кабиналарида маза қилиб ўтирдик. Қурол-аслаҳалар ҳам бизда катта таассурот ўйғотди. Тўғрисини айтсам, келажакда ҳарбий бўлишни кўнглимга тугиб юрган эдим. Бу тадбир менинг ана шу истагимни мустаҳкамлади. Бунинг учун энди ҳарбий акаларим маслаҳат берганидек, янада кўпроқ ўқиб, спорт билан мунтазам шуғулланаман.
Марказий ўйингоҳда ҳарбий хизматчиларнинг кўргазмали жанговар чиқишлари, ҳавоскар ҳарбий бахшиларнинг дўмбира чертиб, терма куйлашлари ҳам иштирокчиларга ўзгача завқ улашди.
Вилоят ҳокими соврини учун стол тенниси, арқон тортиш, армрестлинг мусобақалари, 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар ва ҳарбий куч тузилмалари хизматчилари ўртасида кураш бўйича ўтказилган беллашув қизиқарли бахсларга бой бўлди.
Мусобақалар якунида ғолибларга вилоят ҳокимининг пул мукофоти ва бошқа совринлари топширилди.
Фестиваль таниқли санъаткорлар ва ҳарбий оркестр ҳарбий хизматчиларининг она Ватан ва тинчликни, садоқат, меҳр-муҳаббат ва жасоратни улуғловчи куй-қўшиқлари билан давом этди.
Фестивалнинг тантанали очилиш маросимида Сурхондарё вилоят ҳокими, ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари Тўра Боболов сўзга чиқди.
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz