Сурхондарё вилояти ҳокимлиги катта мажлислар залида вилояти ҳокими Тўра Боболовнинг воҳа ёшлари билан очиқ мулоқоти бўлиб ўтди.
Дастлаб тадбир доирасида вилоят ҳокими Грециянинг Родос шаҳрида шахмат бўйича болалар ва ўсмирлар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионатининг рапид ва блиц йўналишларида ғолиб бўлган Сурхондарё шахмат мактаби вакили 16 ёшли Умида Омонованинг ютуқларини эътироф этиб, жаҳон чемпионига 30 миллион сўм пул мукофоти ва эсдалик совғаларини топширди.
Шундан сўнг асосий эътибор Ватанимиз равнақи ва келажаги бўлган, унинг тараққиётига ўзининг муносиб ҳиссасини қўша оладиган шижоатли ёшларни эзгу ғоялар атрофида янада жипслаштириш, уларнинг ютуқларини эътироф этиш, жамиятда бўлаётган ўзгариш ва воқеаларга нисбатан дахлдорлик туйғусини оширишга қаратилди.
Иқтидорли йигит-қизлар томонидан ўртага ташланган бир қатор таклиф ва ташаббуслар қўллаб-қувватланиб, уларни амалга ошириш юзасидан чоралар белгиланди.
– Термиз давлат университетининг Тарих факультетида ўқийман. Вилоят ҳокимидан университетимиздаги талабаларга фаолиятлари бўйича дарс ўтишларини сўрадим, – дейди ёшлардан бири Нодирбек Ирисов. – Вилоят раҳбари таклифимни бажонидил қабул қилиб, кейинги ҳафта талабалар билан учрашишларини ва дарс ўтишларини айтдилар.