Соғлом, тетик ва бақувват бўлишга ҳамда ишчанлик қобилиятини сақлашга эришишнинг асосий омилларидан бири жисмоний ҳаракатдир.
Жамиятимизда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, айни вақтда мамлакатимизда жисмоний жиҳатдан етук, соғлом авлодни тарбиялаш борасидаги туб ислоҳотлар босқичма-босқич амалга ошириб келинмоқда. Чунончи, Президентимизнинг “Маҳаллаларда ёшларни оммавий спортга жалб қилишни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ҳам бу йўналишда амалга оширилиши кўзда тутилган муҳим вазифалар ўз ифодасини топган.
Мазкур қарор ижросини таъминлаш ҳамда аҳоли ўртасида соғломлаштириш, жисмоний тарбия, оммавий бадантарбия ишларини ташкил этиш юзасидан вилоят ҳокими Тўра Боболов томонидан тасдиқлаган режа- графикка асосан вилоят ҳокимлиги мажмуалари ҳамда бошқарма, ташкилот ва муассасалар ходимлари Термиз шаҳридаги “Сурхон Арена” спорт мажмуасида бугун эрта тонгдан жам бўлишди.
Бадантарбия соғломлаштириш машқларида 500 нафардан ортиқ раҳбар-ходимлар ҳамда ёшлар иштирок этди.
Машғулотларни режа-график асосида белгиланган ҳафта кунларида ўтказилади ҳамда ҳар чорак якуни бўйича фаол иштирок этган бошқарма, ташкилот ва муассасалар ходимлари вилоят ҳокимлиги томонидан моддий ва маънавий рағбатлантирилиб борилади.
Сурхондарё вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати