Тўра Боболов: “мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни ёшларсиз тасаввур эта олмаймиз”

Акция доирасида ташкил этилган «Ҳоким ва ёшлар» учрашувида иштирокчилар вилоят ҳокими Тўра Боболов ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси Шавкат Зайниддиновлар билан учрашди.

– Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни сиз, ёшларсиз тасаввур эта олмаймиз, – деди вилоят ҳокими. – Бундан буён ҳам ўз билим ва шижоатингиз билан янги Ўзбекистонни барпо этишда фаоллик кўрсатишларингизга ишонаман. Бунга мамлакатимизда ўтказилаётган «Ўзбекистон учун 100 ғоя» лойиҳасида 2 мингга яқин ёшларимиз қатнашгани ва юқори баҳоланган 103 нафарининг ғоялари саралаб олингани ҳам яққол мисолдир. 

Бундан саноқли йиллар муқаддам ҳам Сурхондарё деганда барчанинг кўз олдида аграр воҳа гавдаланар эди. Қисқа йилларда вилоятимиз қиёфасини тубдан ўзгартириб, саноатлашган ҳудудга айланмоқда. Масалан, бундан беш йил олдин саноат маҳсулотлари 1,2 фоизни ташкил этган бўлса, бугун бу кўрсаткич 1,8 фоизга етди. Айниқса, қурилиш материаллари ва енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш жадал ривожланмоқда. Буларнинг барчаси мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарасидир.

Ёшлар учун ўзига хос байрамона рухда бошланган акцияда #Kelajaging_uchun_ovoz_ber, #Saylov_Imkoniyat_va_masuliyat, #Men_saylash_huquqiga_egaman хештеглари остида ижтимоий тарғибот акцияси юзасидан фото бурчак ташкил этилди. “Yoshsaylovchi.uz” электрон платформаси тақдимоти, ижтимоий тармоқларда ёшларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимларини ривожлантиришга қаратилган ютуқли викториналар ўтказилди.

Жорий йилнинг 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида вилоятда 41 минг 200 нафар йигит-қиз илк марта овоз беради. Улар учун жойларда фаол ёшлар «бир сайловчи – бир овоз» тамойили асосида тарғибот тадбирлари ташкил этмоқда.

– Мен бу йил илк марта сайловда қатнашиб, энг муносиб номзод учун овоз бераман, – дейди Қизириқ туманидаги 23-мактаб ўқувчиси Санжар Норбоев.– Ушбу акцияда қатнашиб, сайлов ҳақидаги билимларимни оширишга муваффақ бўлдим. Ватанимизда биз, ёшлар учун барча замонавий шароит яратилган. Ана шу имкониятлардан фойдаланиб, келажакда вилоят ҳокими бўлишни истайман. Ҳозир амалга оширилаётган ислоҳотлар бизларнинг ана шундай орзуларимизни рўёбга чиқаришга қанот бўлаётганидан ҳар қанча фахрлансак арзийди.

Акция «Ёшларнинг сиёсий билимлари ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш» акциясини амалга ошириш механизми юзасидан вилоят ишчи гуруҳи тақдимоти, «Ўзбекистон учун 100 ғоя» лойиҳасининг тақдимоти, «Ўз келажагимни ўзим белгилайман, Сизчи?» шиори остида иншолар танлови, «Мунозара» интеллектуал беллашуви, ютуқли викторина, ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини аниқлашга қаратилган “Сиз биласизми?” телевизион ўйини, “Сайлов – 2021: келажак халқ танловига боғлиқ!” мавзусидаги мақолалар танловининг тақдимоти билан давом этаётир.

Тарғибот ишларига жалб этилган ёшлар учун таълим муассасалари, корхона, ташкилот ва ҳарбий қисмларда намунавий тарғибот тадбирлари амалга ошириляпти. Унда Ёшлар ишлари агентлиги, Ёшлар иттифоқининг вилоят раҳбарлари ҳамда вилоят, шаҳар, туман ҳокимларининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосарлари иштирок этаётир.

Izoh qoldirish

So‘rovnoma
Surxondaryo viloyati hokimligi faoliyatini qanday baholaysiz?

Bog'lanish
Sayt Surxondaryo viloyati hokimligi huzuridagi, Axborot kommunikatsiya texnologiyalarini rivojlantirish markazi mutaxassislari tomonidan yaratilgan.