Сурхондарё вилоятининг мева-сабзавот маҳсулотлари Қозоғистон Республикасига экспорт қилинмоқда.
Жорий йилнинг сентябрь ойида Қозоғистоннинг “TL NIKA Кеден” корхонаси вакилларининг Сурхондарё вилоятига ташрифи давомида мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти бўйича ҳамкорлик келишувига эришилганди.
Хусусан, Денов туманидаги “Passion Work” ҳамда Шеробод туманидаги “Sherobod Anor Impex” МЧЖ томонидан “TL NIKA Кеден” корхонаси билан 50 млн. долларга тенг мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти бўйича шартномалар имзоланган.
Ушбу шартномаларга асосан октябрь ойининг ўзида 10 млн. долларлик 22 минг тоннадан зиёд узум, анор, хурмо, лимон, помидор ва кўкат каби мева-сабзавот маҳсулотлари Қозоғистон Республикасига экспорт қилинди.
Жорий йил якунига қадар мазкур экспорт шартномаларининг тўлиқ ижро этилиши кутилмоқда.