Сурхондарё вилояти ҳокимлиги
Сурхондарёда мўътабар аёллар, мунис опа-сингиллар шарафланди

Сурхондарё вилоят ҳокимлигида 8 март – Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда вилоят ҳокими Тўра Боболов мунис онахон ва опа-сингилларимизни байрам билан табриклаб, 17 нафар аёлга «Мўътабар аёл» кўкрак нишони ва қимматбаҳо совғаларни топширди.

Мамлакатимизда сўнгги йилларда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, билим ва касбий кўникмалар эгаллаб, муносиб иш топишларига кўмаклашиш, саломатлигини сақлаш, уй-жой билан таъминлаш каби муҳим масалаларни ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлат даражасида кўрсатилаётган ғамхўрликлар мунис опа-сингилларимизни янги Ўзбекистонни барпо этишнинг барча соҳаларида фаол иштирок этиб, Ватанимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшишга ундаётир.

Сурхондарёда ҳам бу борада кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Айни пайтда воҳа аҳолисининг 1 миллион 329 минг нафари ёки 49,6 фоизи хотин-қизлардир. Уларнинг манфаатларини таъминлаш ва жамият ҳаётидаги ўрнини мустаҳкамлашнинг муҳим вазифалари белгилаб олинган.

Президентимиз раислигида жорий йил 26 февраль куни ўтказилган видеоселектор йиғилиши хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал этиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар натижадорлигини таъминлашда асосий йўналишларни белгилаб берди. Шунга мувофиқ вилоятда «аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизлар муаммоларини ечиш, бандлигини таъминлаш, тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, саломатлигини сақлаш, уй-жой масалаларини ҳал этиш борасида тизимли ишлар бошлаб юборилди. Жумладан, воҳада «Аёллар дафтари»га 28 минг 928 нафар хотин-қиз киритилган.

Биргина жорий йилнинг икки ойида уларнинг 3 минг 566 нафарига манзилли ёрдамлар кўрсатилди. Мазкур йўналишдаги ишлар изчил давом эттирилиб, 9 та мезон асосида аёлларни иш билан таъминлаш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларга тиббий ва психологик ёрдам қамровини кенгайтириш, оилавий ажралишларнинг олдини олиш чора-тадбирлари кўрилмоқда. Уй-жойга муҳтож 118 хотин-қиз учун уй барпо этилаётир.

Мамлакатимизда мўътабар аёл зоти ҳар тарафлама улуғланиб, меҳнати муносиб қадрланмоқда. Президентимизнинг жорий йил 4 мартдаги «8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан мукофотлаш тўғрисида»ги фармонига кўра, бир гуруҳ сурхондарёлик фаол опа-сингиллар, мўътабар онахонлар давлатимизнинг юксак орден ва медаллари билан тақдирлангани ҳам бунга яққол мисолдир.

Тантанали тадбирда бир гуруҳ фидойи хотин-қизлар вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.

Тадбирда сўзга чиққан хотин-қизлар кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик учун Президентимизга чуқур миннатдорлик билдирди.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сайтимизнинг янги талқини сизга ёқдими?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.