Сурхондарё вилояти ҳокимлиги
Жарқўрғонда аҳоли муаммоларига ечим изланди

Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов халқ ҳаётидан яқиндан хабардор бўлиш, аҳолининг талаб ва эҳтиёжларини тизимли ўрганиш, аниқланаётган муаммоларни жойида ҳал этиш мақсадида навбатдаги оммавий қабулини Жарқўрғон тумани “Қумқишлоқ” маҳалласи ҳудудидаги 26-сонли мактаб биносида ўтказди.

Вилоят раҳбари қабул давомида 117 нафар аҳоли билан шахсан учрашиб, уларнинг 134 та турли масаладаги мурожаатларини тинглади. Қабул қилинган мурожаатларнинг 32 таси шу ернинг ўзида ижобий ечимини топди.

Жумладан, Жарқўрғон тумани “Нурли диёр” маҳалласида яшовчи, 2 нафар фарзандни ёлғиз вояга етказаётган она, Дилдора Усмонованинг уй-жойи ёниб кетиб, оғир аҳволга тушиб қолганлиги масаласида мурожаати ижобий ҳал этилиб, унга моддий ёрдам ажратиб берилиши белгиланди.

Шунингдек, туманнинг “Қораёғоч” маҳалласида яшовчи яна бир ёлғиз она Феруза Ҳамдамова уй-жойини таъмирлашда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Вилоят ҳокими фуқаронинг уй-жойини таъмирлаш учун қурилиш материаллари ажратиб бериш масаласида масъулларга топшириқ берди.

Бошқа сайёр қабуллардан фарқли равишда бу галги қабулда бир фуқаро мурожаат билан эмас, миннатдорчилик билдириш учун қабулга келганини маълум қилиб, вилоят ҳокими Тўра Боболов билан суҳбат қилди.

- Мени ҳеч ким бу ерга таклиф қилгани йўқ. Уч нафар фарзандим буйрак етишмовчилигидан, ўзим “мастопатия” касаллиги билан, турмуш ўртоғим эса йўғон ичак ёрилиши билан азият чеккан қийин пайтларимизда шахсан ўзингиз шифохонада бошида туриб, бизни даволанишимиз ва оёққа туришимиз учун амалий ёрдам кўрсатдингиз. Сизнинг ёрдамингиз билан бугунги кунда фарзандларим, турмуш ўртоғим ва ўзим оёққа турдик. Яқинда қизим давлатимиз кўмаги билан Республика Гемотология марказида даволаниб келиб, ҳозирда аҳволи анча яхшиланди. Ўғлим олийгоҳга бюджетга ўқишга кирди, ўзим эса шу мактабда тикувчиликдан “Устоз-шогирд” анъанаси асосида дарс бериб, рўзғор тебратаяпмиз. Сиз билан учрашишимдан мақсад, Сиз орқали Мухтарам Президентимизга рахмат айтмоқчиман. Оиламиз пароканда ҳолатга тушиб қолган бир пайтда ёрдам қўлини чўзган давлатимизга, ҳар бир фуқарони ўз муаммоси билан ёлғиз қўймасдан, дардларимизга ечим қилиб бераётган Президентимизга ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. Худога шукр ҳозирги кунда оиламни аҳволи ва шароити давлат кўмагида анча яхшиланди – дейди вилоят ҳокими билан суҳбатда “Қумқишлоқ” маҳалласида яшовчи Зумрад опа Неъматова.

Қабуллардан кўзланган мақсад статистик кўрсаткичлар эмас, балки муаммоларнинг ечимини излаш, ҳал этиш, фуқаролар тақдирида бурилиш, яшаш тарзида ўзгариш ясаш ҳамда инсонларнинг эртанги кунга умидини мустаҳкамлаб, ишончини орттиришдир.

Келиб тушган мурожаатларнинг 102 таси ўрганиб чиқиш учун муддат, ҳал этилиши учун қўшимча маблағ талаб қилганлиги сабабли қонуний мурожаатларни ижобий ҳал этиш шарти ва муддати билан масъулларга йўналтирилиб, ижроси назоратга олинди.

7 изоҳ

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.