Сурхондарё вилояти ҳокимлиги
Музработ туманида аҳоли хонадонлари ҳамда чорвачилик комплекси фаолияти билан танишилди

Хабар бериб бораётганимиздек, вилоят ҳокими ҳудудларда бўлиб, аҳоли турмуш фаровонлигини яхшилаш, бандлигини таъминлаш, даромадларини ошириш ҳамда камбағалликни қисқартириш борасида “Сайхунобод тажрибаси”ни жорий этиш ишлари билан танишмоқда, янги лойиҳаларни кўздан кечириб, иш ўринлари яратилиши аҳволини ўрганмоқда.

Бугун вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов шу мақсадда ҳудудларга ташрифини Музработ туманида давом эттирди. Туманга ташрифнинг биринчи манзили “Surxon-Agro majmuasi” МЧЖнинг 2000 бош қора молга мўлжалланган чорвачилик комплекси бўлди.

Янгидан ўзлаштирилган қарийб 1 минг гектар майдонни ўз ичига олган лойиҳанинг умумий қиймати 110 млрд сўмни ташкил этади. Унда чорвачилик комплекси, сутни қайта ишлаш корхонаси, сендвич панелдан 1200 тонналик омборхона ва озуқа етиштириш ва сақлаш жойлари ташкил этилган. 110 та доимий иш ўринлари яратилган.

Вилоят раҳбари комплекс фаолияти билан танишиб, тадбиркор билан лойиҳа қурилишидаги мавжуд муаммолар юзасидан суҳбатлашди. Мутасаддиларга электр энергияси ва сув таъминоти масалаларини ҳал этишда тадбиркорга кўмаклашиш, лойиҳани кенгайтириш ҳамда маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ва иш ўринлари сонини ошириш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Шундан сўнг, вилоят раҳбари “Халқ йўли” маҳалласида бўлиб, аҳоли хонадонларида “Сайхунобод тажрибаси” асосида амалга оширилаётган ишларни кўздан кечирди. Хусусан, Хайрулла Холлиевнинг асаларичилик, чорвачилик, йилқичилик, кўчат етиштириш, Санобар Қурбонованинг уй боғчаси, балиқчилик, лимончилик, ва паррандачилик, Ўктам Сапаровнинг миллий қуроқ кўрпалари тикиш, касаначилик каби йўналишлардаги фаолиятлари, томорқадан самарали фойдаланишдаги тажрибалари билан танишди.

Ушбу хонадонлар тажрибасини оммалаштириш лозимлиги қайд этилди. Бир уйда бир нечта йўналишда иқтисодий самарадор бўлган лойиҳаларни йўлга қўйиш зарурлиги, бунинг натижасида оиладаги барчани банд қилиш орқали даромадли қилиш мумкинлиги таъкидланди.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.