Сурхондарё вилояти ҳокимлиги
Ингичка толали ғўза навларини яратиш борасидаги олимларнинг фикрлари тингланди

Аграр соҳада самарадорликни ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишиш ҳамда мавжуд муаммоларни ўрганиш мақсадида Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов Термиз туманига ташриф буюрди.

Дастлаб, Ингичка толали пахтачилик илмий-текшириш институтида олимлар ва кўп йиллик тажрибага эга соҳа фахрийлари билан учрашув ўтказилди. Унда олимларнинг воҳамизда ингичка толали пахта етиштиришнинг иқтисодий самарадорлиги ва уни ошириш йўллари тўғрисидаги илмий асосланган фикрлари тингланди. Вилоят раҳбари фермер хўжаликлари ва деҳқонлар билан соҳа олимларининг учрашувларини ташкил этиш ҳамда ҳудудлар тупроқ ва иқлим шароитларига мос бўлган ҳосилдор навларни яратиш топшириғини берди.

Шунингдек, соҳа фахрийларининг тавсияларини инобатга олган ҳолда Қизириқ, Жарқўрғон, Шеробод, Музработ ва Термиз туманларида босқичма-босқич ингичка толали пахта етиштиришга ўтиш ҳамда машинада пахта теримини ташкил этиш, қайта ишлашни тўлиқ жорий этиш бўйича кўрсатмалар берилди. Учрашув сўнгида олимлар ва фахрийларга вилоят ҳокимлигининг совғалари топширилди.

Шундан сўнг, туманнинг “Қўнғирот” маҳалласида жойлашган “Сурхон ташаббускори” МЧЖнинг паррандачилик комплексида ветеринария ва чорвачилик соҳаси масъуллари, мутахассислари билан учрашув ўтказилди. Учрашувда вилоят раҳбарининг топшириғи билан соҳада ўтказилган ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.

Хусусан, ҳудудларда чорвачиликни ривожлантириш, наслли зотларни кўпайтириш борасида ишлар талаб даражасида эмаслиги, чорва бош сонларида камайиш қайд этилганлиги танқид қилинди. Жумладан, қишлоқ хўжалиги корхоналарида қорамоллар бош сони 2023 йилга нисбатан Қизириқ туманида 41,6 фоизга, Узун туманида 26,5 фоизга ва Термиз туманида эса 5 фоизга камайган.

Вилоят раҳбари соҳада туб бурилиш ясаш лозимлигини таъкидлаб, тармоқ мутасаддилари ва ҳудудлар раҳбарларига келгусидаги вазифаларни белгилаб берди. Чорвачиликни ривожлантириш ишлари талаб даражасида бўлмаган 5 та ҳудуд масъулларига муддат белгиланиб, фаолиятида ўзгариш қилмаса лавозимига лойиқлик масаласи кўриб чиқилишини маълум қилинди.

Вилоят раҳбари Термиз туманига ташрифи якунида “Агропилла” МЧЖнинг Янгиариқ филиалида ипак қурти боқиш тадбирларининг бориши билан танишди. Бу борада амалга оширилаётган ишлар юзасидан масъулларнинг ахбороти тингланди. Фаол пиллакорларга совғалар топширилиб, кумуш тола етиштирувчиларига зафарлар тиланди.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.