Сурхондарё вилояти ҳокимлиги
Сурхондарёда маданият ва санъат ходимлари куни кенг нишонланди

Сурхондарё вилоятида 15 апрель – “Маданият ва санъат ходимлари куни” муносиб нишонланди. Шу муносабат билан “Азизбек“ тантаналар саройида байрам тадбири бўлиб ўтди.

Унга соҳада узоқ йиллар самарали фаолият юритган меҳнат фахрийлари, бугунги кунда фидойилик билан ишлаётган фаоллар таклиф қилинди.

Байрам тадбирида Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов иштирок этиб, соҳа ходимларини табриклади.

Таъкидланганидек, сўнги йилларда мамлакатимизда моддий ва номоддий маданий мерос дурдоналарини асраб-авайлаш ва тарғиб этиш, халқ оғзаки ижодиёти ва ҳаваскорлик санъатини янада оммалаштириш, ёшларни маданият ва санъатга бўлган қизиқишларини оширишга, маданият ва санъат ходимларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, вилоятимизда соҳа ходимлари учун 3 та кўп қаватли уй-жой қуриб фойдаланишга топширилди. Муҳташам Санъат саройи барпо этилди. Вилоят қўғирчоқ театри барча замонавий шароитларга эга бино билан таъминланди.

Айни вақтда вилоятимизда 150 дан ортиқ маданият ва санъат муассасалари фаолият юритиб, уларда 2 минг 500 дан ортиқ ўз касбининг усталари меҳнат қилмоқда.

Энг қувонарлиси, санъатимиз фидойилари орасида 1 нафар Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, 1 нафар Ўзбекистон Республикаси халқ артисти, 10 нафар Ўзбекистон халқ бахшиси, 10 га яқин “Шуҳрат” медали соҳиблари, 2 нафар “Зулфия” номидаги давлат мукофоти, 6 нафар “Ниҳол” мукофоти совриндорлари борлиги барчамизнинг қалбимизни фахрга тўлдиради. 

Воҳамиз азалдан маданият ва санъат ўчоғи бўлиб келган. Биргина вилоят мусиқали драма театри тарихига назар соладиган бўлсак, мазкур кошона 80 йилдан ортиқ тарихга эгалигини кўрамиз. Шу даврда бу қутлуғ даргоҳда элимизнинг ардоқли ва фидойи санъаткорлари изланиб, ижод қилиб келмоқда. 

Хусусан, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Муҳаммадали Абдуқундузов, Ўзбекистон халқ артистлари Эргаш Каримов, Роза Каримова, Хадича Бобохонова, Ўзбекистон санъат арбоби Мансур Равшанов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Майрам Маҳмудова, Қаноат Миродилова, Амрилло Нарзуллаев, Абдурахмон Намозов, Равшан Намозов каби иқтидорли санъаткорларимизнинг ҳаёт йўлида ушбу театрнинг ўрни беқиёс. 

Бугун ҳам бу қутлуғ даргоҳда устоз санъаткорларимизнинг муносиб давомчилари халқимизга беминнат хизмат қилиб келмоқда. 

Бахшичилик бешиги бўлган воҳамизда – Шеробод достончилик мактаби вужудга келгани, унга 1866 йилда Шеробод туманида туғилиб, яшаб ўтган Шерназар бахши Бекназар ўғли асос солганлиги ҳамда бугунги кунда ҳам ушбу ноёб ва бетакрор санъат давом эттириб келинаётгани қувонарли ҳолдир.

Шоберди Болтаев, Хўшбоқ Марданақулов, Абдуназар Поёнов, Чори Умиров, Бахшиқул Тоғаев, Сафар Шойдулов, Бахтиёр Артиков, Равшан Маматмуродов, Мухаммади Эшбоев, Зулхумор Шерназарова каби ўнлаб бахши-шоирлар, бетакрор истеъдод соҳиблари ушбу санъатни дунёга кенг тараннум этиб келмоқда.

Тадбирда вилоят ҳокими тизимда алоҳида ўрнак кўрсатган бир гуруҳ соҳа ходимларини вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиғи ва эсалик совғалари билан тақдирлади. Шунингдек, соҳада узоқ йиллар самарали фаолият юритган меҳнат фахрийлари эътироф этилди.

Тантанали тадбирда санъат усталари ва ёш ижрочиларнинг концерт дастури намойиш этилди.

 

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати

3 изоҳ

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.