Бойсунда ўқитувчи ва вояга етмаган қиз билан боғлиқ ҳолат юзасидан муҳокама йиғилиши ўтказилди
Ижтимоий тармоқда муҳокамага сабаб бўлган Бойсун туманидаги ўқитувчи ва ўқувчи қиз билан боғлиқ ҳолат юзасидан туман ҳокимлигида йиғилиш бўлиб ўтди. Муҳокама йиғилишда вилоят ҳокими Тўра Боболов, вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Абдувоҳид Исмоилов, вилоят ҳокимининг тегишли ўринбосарлари, халқ таълими бошқармаси, Бойсун тумани ҳокимлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари, жумладан, мактаб директорлари, диний соҳа вакиллари ҳамда жамоатчилик фаоллари иштирок этди.
Йиғилишда вилоят ҳокими ушбу ҳолатни умуман кечириб бўлмас, миллий ғурур ва менталитетимизга мутлақо зид дея баҳолади. “Ўқитувчи” дея айтилаётган фуқаронинг вояга етмаган қизга нисбатан қилган ушбу ҳатти-ҳаракати, ҳолатни тасвирга олиб, уни ижтимоий тармоққа чиқариб юбориши энг бориб турган разилликдир, деб таъкидлади.
Ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган, фойдаланувчиларнинг нафратини уйғотган ушбу ҳолат юзасидан ҳозирда жиноят иши қўзғатилганлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилаётганлиги маълум қилинди.
Муҳокама йиғилишида сўзга чиққан жамоатчилик фаоллари, масъуллар ҳамда диний соҳа вакиллари ушбу ҳолатни қаттиқ қоралаб, бу каби ҳолатларнинг келгусида такрорланишининг олдини олиш учун ёшлар ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориш, уларга миллий ғурур ҳамда одоб-ахлоқ қоидаларини сингдириш лозимлигини қайд этишди.
Вилоят ҳокими масъулларга бу каби ҳолатлар такрорланишининг олдини олиш, ёшларни маънавиятли ва маърифатли қилиб тарбиялаш мақсадида тарғибот тадбирларини кучайтириш бўйича чора-тадбирларни белгилаб берди.
Сурхондарё вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz