Ўзбекистондан афғон халқига навбатдаги инсонпарварлик ёрдами етказилди

Президентимизнинг топшириғига асосан, афғон халқига 170 тоннадан ортиқ зарур озиқ-овқат ҳамда кийим-кечаклар ортилган навбатдаги инсонпарварлик юклари карвони Ҳайратон чегара ўтказиш пункти орқали қўшни мамлакатнинг Балх вилояти шимолидаги Ҳайратон шаҳрига етказилди.

Инсонпарварлик ёрдами 48 тонна ун, 30 тонна шакар, 48 тонна буғдой, 15 тонна ўсимлик ёғи, 10 минг дона консерваланган гўшт маҳсулотлари (тушёнка), 22 тонна макарон, 1000 жуфт эркаклар ва болалар кийими, 1000 жуфт болалар, эркаклар ва аёллар оёқ кийимидан ташкил топган.

Шу муносабат билан Ҳайратон шаҳридаги Астрас компанияси ҳудудида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев, Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов, Балх вилояти губернатори Мулло Муҳаммад Довуд Музаммил ва бошқа расмийлар иштирокида инсонпарварлик ёрдамини топшириш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирдан сўнг икки давлат расмийлари иштирокида ҳудудларнинг ўзаро савдо-иқтисодий ва гуманитар соҳадаги ҳамкорлигини ривожлантириш борасида музокаралар ўтказилди. Унда Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов ҳудудлараро алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш учун ўзаро ҳамкорликка тайёр эканлигини билдирди. Шунингдек, афғонистонлик фуқароларининг савдо-сотиқ фаолияти билан шуғулланиши, туризм хизматларидан фойдаланиши ҳамда соғлигини тиклаши учун Термизда ишга туширилган “Термиз халқаро савдо маркази”да барча имконият ва имтиёзлар берилаётганлигини таъкидлади.

Тадбирда иштирок этганлар афғонистонлик расмийлар дўст давлат томонидан кўрсатилаётган бу каби амалий ёрдамдан беҳад мамнун эканликларини билдиришди.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.