Сурхондарё вилояти ҳокимининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти ўтказилди

Кичик бизнeс ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш орқали аҳоли турмуш даражасини яхшилаш, реал даромадларини ошириш ва бандлигини таъминлаш бугунги куннинг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади. Шу боис Сурхондарё вилоятида ҳам тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай шароитлар яратилмоқда, улар фаолиятида юзага келаётган муаммо ва тўсиқларни тезкор бартараф қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бугун Термиз шаҳридаги Ёшлар маркази биносида вилоят ҳокими Улуғбек Қосимовнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти ўтказилди. Унда вилоят, туман ва шаҳар ҳокимининг тегишли ўринбосарлари, мутасадди вилоят ташкилотлари раҳбарлари, 328 нафар хусусий сектор вакиллари иштирок этишди. Очиқ мулоқот давомида тадбиркорларнинг 480 та мурожаат, таклиф ва ташаббуслари тингланди ва атрофлича ўрганилди.

Очиқ мулоқот давомида тадбиркорлар томонидан лойиҳаларни амалга ошириш, тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш, тижорат банкидан кредит олиш, хўжалик юритувчи субьектларга кўрсатилган хизмат ва берилган маҳсулот учун тўланмай қолган маблағни ундириш каби муҳим масалалар ўртага ташланди.

Тадбиркорлар томонидан билдирилган мурожаатларнинг 50 дан ортиғи жойида ҳал этилган бўлса, айрим мурожаатларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Шунингдек, ечими маълум вақт талаб этадиган масалалар аниқ ижро муддати билан масъулларга йўналтирилиб, батафсил ўрганиб чиқиш ва ҳал этиш бўйича вазифалар юклатилди. Барча мурожаатларнинг ижроси вилоят ҳокими томонидан назоратга олинди.

Маълумот ўрнида, вилоят ҳокими раҳбарлигида ҳафтанинг ҳар душанба кунлари “Тадбиркорлар қабули” ўтказилиши белгиланган бўлиб, унда иштирок этиш истагида бўлган тадбиркорлар (+99876) 225 12 37, (+99891) 585 02 42, (+99890) 645 53 80 рақамларига мурожаат қилишлари мумкин.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.