Шерободда боғ ва чорва комплекси, Термиз туманида йирик лойиҳалар ва Термиз шаҳрида “IT” маркази қурилиши билан танишилди

Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов Шеробод ва Термиз тумани ҳамда Термиз шаҳрида қатор лойиҳалар қурилиши, янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга солиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳамда тақдимотлар билан танишди.

Дастлаб, вилоят раҳбари Шеробод туманида “Помир агрокластер” МЧЖ ХК томонидан амалга оширилаётган умумий қиймати 392 млрд сўмлик чорвачилик комплексининг қурилиши билан танишди. Жами 175 та доимий иш ўрни яратиладиган лойиҳа доирасида 5 минг бош зотдор қорамолларни парваришлаш комплекси ва йилига 30 минг тонна сутни қайта ишлаш заводи қурилиб, 2025 йил октябр ойида ишга тушириш режалаштирилган.

Шунингдек, Шеробод тумани марказий истироҳат боғини реконструкция қилиш бўйича 12 млрд сўмлик лойиҳа доирасида амалга оширилаётган ишлар кўздан кечирилди. Аҳолининг мароқли ҳордиқ олишини таъминлаш, болажонларга қувонч улашиш мақсадида умумий майдони 7,4 гектар бўлган боғда ўйин майдонлари, кинотеатр, велойўлаклар, турли ҳажмдаги фавворалар, аттракционлар, мини футбол майдончаси, ёзги амфитеатр ҳамда яшил зоналар ташкил этилади.

Вилоят раҳбари масъулларга боғ ҳудудида ишлар суст кетаётганлиги ва айрим камчиликларга йўл қўйилганлиги учун эътироз билдирди ҳамда ишларни жадаллаштириб, лойиҳани белгиланган муддатда якунлаш вазифасини қўйди.

Шундан сўнг, вилоят ҳокими Термиз туманида жойлашган “Термиз” эркин иқтисодий зонасида амалга оширилаётган лойиҳалар тақдимоти ва қурилиш ишларининг бориши билан танишди. Хусусан, базалт плиталари, томчилатиб суғориш ускуналари, қишлоқ хўжалиги агрегатлари, пахта териш машиналари ҳамда ун ва ун маҳсулотлари ишлаб чиқариш каби йирик лойиҳалар, шунингдек, логистика маркази қурилиши кўздан кечирилди. Тадбиркорлар билан суҳбат давомида лойиҳани амалга оширишда юзага келаётган муаммолар таҳлил қилиниб, ечимлари белгилаб берилди.

Туманларга ташрифлардан сўнг вилоят раҳбари куннинг иккинчи ярмида Термиз шаҳрида "IT" маркази ташкил этиш бўйича олиб борилаётган ишлар билан танишди. Масъулларга янгидан ташкил этилаётган 500 ўринли марказни барча замонавий воситалар, компьютер жамланмалари билан таъминлаш, малакали дастурчи ёшларни тайёрлаш орқали соҳада хизматлар ва дастурлар экспортини ошириш вазифалари юкланди.

Ташриф дастури якунида, вилоят Олий таълим, фан ва инновациялар бошқармасининг янги биноси қурилиши кўздан кечирилди. Мутасаддиларга қурилиш-таъмирлаш ишларини жадаллаштириш, бинонинг иккинчи қаватида ёшлар учун "IT" маркази ташкил этиш топширилди.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.