Сурхондарёда меҳнат фахрийлари тақдирланди

Президентимизнинг “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида”ги қарори асосида ташкил этилган мазкур мукофотга бу йил 50 нафар сурхондарёлик сазовор бўлди. Бугун Сурхондарё вилояти ҳокимлигида кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида ушбу мукофотлар ўз эгаларига тантанали равишда топширилди.

Тантанали маросимда Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов ҳамда Ўзбекистон фахрийларнинг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси республика бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Шароф Убайдуллаев “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонлари ва пул мукофотларини ўз эгаларига топшириб, мукофот соҳибларини муборакбод этди.

Шундан сўнг, нуронийлар учун Термиз шаҳридаги “Муҳташам” танталалар саройида байрам дастурхони ташкил этилди. Тўкин дастурхон атрофида воҳамизнинг таниқли санъаткорларининг чиқишлари нуроний ва фахрийларимизга байрам қувончини улашди. Кўрсатилган ғамхўрлик ва эътибордан мамнун бўлган нуронийлар юрт тинчлиги ва ободлигини, халқимиз фаровонлигини сўраб дуога қўл очишди.

Йиллар давомида элга хизмат қилган, эндиликда бой меҳнат тажрибаси, ҳаётий маслаҳатлари билан жамият тараққиётига ҳисса қўшаётган инсонларнинг “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланиши нуронийларимиз ва фахрийларимизга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг юксак намунасидир.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.