Ижро интизомига риоя этиш ишимизда унум ва сифат бўлишини таъминлайди

Энг аввало, ҳар бир раҳбар иш фаолиятида, кундалик турмушида масъулиятни ҳис этса, касбига бўлган фидойилик, билим ва малакасини ишга солиб амалга оширилаётган ислоҳотларнинг фаол ташаббускори ва ижрочисига айлансагина, интизом ўз сўзини айтади, алабатта. Шундагина ишда унум, амалга оширилаётган ислоҳотларда натижа бўлади.

Зеро, Сурхондарё бугун ҳар жиҳатдан ривожланиб, кечаги қишлоқ хўжалигига ихтисослашган ҳудуддан саноати ривожланиб бораётган, барча соҳаларда янгиланиш ва бунёдкорлик сари юз тутиб, халқаро муносабатларда ҳам пешқадам ҳудудга айланиб бормоқда. Эришилаётган бу каби улкан ютуқ ва натижалар замирида, қўлга киритилаётган марраларда ижро интизомига тўлақонли амал қилишни вилоятда фаолият юритаётган ҳар бир масъул раҳбар ўзининг пировард мақсади деб билиши натижасидир. Ижро интизоми бу шахсий масъулият, “темир интизом”, касбга бўлган меҳр ва профессионал маҳоратдир.

Бугунги кунда Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан олиб борилаётган одилона ва оқилона сиёсат туфайли эришилаётган натижаларнинг туб негизида ётган энг муҳим ва долзарб масала ҳам шубҳасиз ижро интизомига сўзсиз риоя этиш саналади. Қолаверса, мамлакатимизда чиқарилаётган Қонун, Фармон, қарор ва Ўзбекистон тараққиёти учун муҳим бўлган ислоҳотларнинг ҳаётга татбиқ этилишида, аҳолининг фаровон турмушини таъминлаш, барча соҳаларда илғор натижаларга эришишда ҳам ижро интизоми муҳим ўрин эгаллайди.

Республикамизда барча соҳаларда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар ҳамда қонун ҳужжатларининг ижросини ўз вақтида ва муносиб тарзда реал ҳаётга татбиқ этиш ҳар бир раҳбар ва ходимнинг бурчи ҳамда вазифаси ҳисобланади.

Қонунчилик ҳужжатлари ижросини ташкил этиш ва самарали мониторинг тизимини яратиш ҳамда белгиланган мақсадларга эришиш бўйича барча даражадаги раҳбарларнинг шахсий жавобгарлигини кучайтириш мақсадида муҳтарам Президентимизнинг 2021 йил 10-февралдаги “Қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 6166-сон Фармонининг қабул қилинганлиги ҳам давлат идоралари ва ташкилотларида ижро интизомини янада мустаҳкамлаш имконини берди.

Бу эса ҳар бир раҳбар кадрнинг ижро интизомига амал қилиши, ишда масъулият билан ёндашиб, амалга оширилаётган ишларни тизимли назорат қилиш бўйича аниқ вазифа белгиланди. Мазкур Фармонга асосан вилоятимизда ҳам “Йўл харита”сига мувофиқ ишлаш тизими йўлга қўйилиб, уларнинг натижаси мониторинг қилиб борилмоқда.

Зеро, мамлакат тараққиёти, ривожланиш ва янгиланишлар жараёнида ҳаётга татбиқ этилаётган ҳар бир муҳим ҳужжатда белгиланган чора-тадбирлар ижросини таъминлаш доимо диққат марказимиздадир. Қолаверса, давлатимиз Раҳбарининг эътибори ва амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасида вилоятда кўплаб қурилиш, бунёдкорлик, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилди.

Барча соҳаларда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар натижасини ҳар бир маҳалла ва хонадонгача етказиш, топшириқлар ижросини таъминлашни, эндиликда эса “фуқаробай” ишлаш тизимини жорий этиб, ҳар бир фуқаронинг ҳаётда ўз ўрнини топиши, даромад манбайига эга бўлиб жамиятнинг фаол фуқаросига айлантириш орқали, аҳолини камбағалликдан чиқаришни ҳудудаги ҳар бир масъул раҳбар биринчи галдаги вазифамизга айлантириб олганмиз.

Мурожаатлар манзилли ҳал этилмоқда

Президентимизнинг ташаббуслари билан бугунги кунда инсон қадри тоборо юксалиб, фуқароларнинг барча йўналишлардаги таклиф ва ташаббуслари ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Айниқса, ижтимоий масалалардаги изчил ислоҳотлар фикримиз тасдиғидир.

Яна бир муҳим жиҳатга алоҳида эътибор қаратсак. Фуқароларнинг дардига қулоқ тутиш, муаммо ва масалаларини ҳал этишни энг муҳим вазифа деб билган ҳолда бугунги кунга қадар аҳоли билан жойларда 17 маротаба оммавий сайёр қабуллар орқали, 1 маротаба “Халқ билан мулоқот” рукни остидаги телекўрсатуви орқали мурожаат қилган жами 4 421 нафар фуқароларнинг 4 600 дан ортиқ муаммолари тингланиб, 3 271 таси ижобий ҳал қилинди.

Бундан ташқари, ўтказилган сайёр қабулларда аҳолининг мурожаатлари асосида ички йўлларда тош шағал ва асфалът қопламаларини ётқизиш учун, 10 млрд 154 млн сўм миқдорида маблағ ажратилди, шундан 8 млрд 238 млн сўм битум сотиб олиш учун, 1 млрд 916 млн сўм ёқилғи сотиб олиш учун сарфланди.

Аҳолининг тизимли муаммоларини аниқлашда оммавий ахборот воситалари, журналист ва блогерлар билан тўғридан-тўғри ҳамкорлик йўлга қўйилган. Ҳамкорлик натижасида блогер ва журналистларимиздан 1 200 дан зиёд мурожаат ва муаммоли масалалар келиб тушган бўлиб, ушбу масалалар ижобий ҳал этилиб, аҳолининг розилиги таъминланмоқда.

Аҳоли бандлиги - фаровонлик омили

Аҳоли бандлиги таъминланса, реал даромадлари ортиб, оилалар фаровонлиги ошади. Вилоят ҳудудида “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”нинг ўтган 6 ойи давомида шу йўналишдаги амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар ва йил якунига қадар белгилаб олинган режаларга тўхталадиган бўлсак, вилоятимизда жорий йилнинг январъ-август ойларида 273,7 минг та янги иш ўринлари яратилиши белгиланган бўлиб, амалда 315,3 минг та иш ўринлари яратилди.

Ваҳолангки, бу борадаги ишларимизни янада жонлантириб, йил якунига қадар вилоятда биргина савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида 80,5 минг нафар аҳолининг бандлиги таъминлашни мақсад қилганмиз.

Шу ўринда, вилоятда меҳнатга лаёқатли бирорта ҳам ишсиз фуқаро бўлмаслиги, ҳар бир оиланинг турмуши обод, реал даромадлари юқори бўлишини мақсад қилган ҳолда ҳаракат қилишимиз зарур.

Сурхондарёда “Сайхунобод тажрибаси”

Вилоятни ҳар томонлама ривожлантириш мақсадида амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг узвий давоми сифатида ҳудудда “Сайҳунобод тажрибаси” асосида аҳоли бандлиги таъминланиб, фуқаролар тадбиркорликка жалб этилмоқда. Тижорат банклари иштирокида ҳар бир маҳалланинг ихтисослашуви ва имкониятларидан келиб чиқиб, бизнес-режалари ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Қолаверса, воҳамизнинг ҳар бир қарич олтинга тенг унумдор ерида томорқадан юқори даромад кўриш ва қишлоқ хўжалигидан самарали фойдаланиб, иқтисодий салоҳиятни янада ошириш устувор вазифаларимиздан биридир. Мавжуд ерлардан самарали фойдаланиш билан бир қаторда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 апрелдаги “Ёшларга ер ажратиш орқали уларни даромадини ошириш ва бандлигини таъминлаш, шунингдек, янги ер майдонларини ўзлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-153-сон қарорига асосан, Сурхондарё вилоятида жорий йилда 25 059 гектар ер майдонларини янгидан ўзлаштириш ва қайта фойдаланишга киритиш белгиланган бўлиб, берилган топшириқни йил якунига қадар тўлиқ амалда бажарамиз.

Ер майдонларини фойдаланишга киритиш бўйича аниқ мақад ва режаларимиз бор. Ўзлаштирилган ҳамда қайта фойдаланишга киритиган ер майдонларига қишлоқ хўжалиги экинлари экилиб, юқори ҳосил олиш чораларини кўраяпмиз. Хусусан, “Помир Агрокластер” МЧЖ ХК томонидан Жарқўрғон ва Қумқўрғон туманларида 10 891 гектар ер майдонлари шудгор қилинди, “Оқтепа сув омбори”дан кўтарма насос станциясини қуриш, ҳудудгача бўлган 21 км масофага ирригация тармоғи тортиш, сув омборидан 13 км масофадаги энг баланд нуқтадан 5 гектарли қурилиш ишларида 7 км масофага метал қувурлар тортиш ишлари ўрнатилиб, яъни 1,5 км қувур захираси яратилган.

Ўтган йиллар билан ҳисоблаганда сув таъминоти оғир бўлган 64 та маҳаллаларда томорқаларни суғориш учун 101 та қудуқларни қазиш ҳаражатларини қоплаб бериш учун 11,9 млрд сўм субсидия ажратилди. Натижада 2 963 та хонадоннинг 358 гектар томорқа ерларида камида икки марта экин экиш ва қўшимча даромад олиш имконияти яратилди. Шунингдек, 59 та маҳалланинг 2,4 мингта аҳоли хонадонларида доривор ўсимликларни кооперация усулида етиштириш йўлга қўйилди.

Шунингдек, 482 мингта аҳоли хонадонидаги 49,5 минг гектар томорқа ер майдонларидан самарали фойдаланиш ва юқори даромад олишни намуна тариқасида ташкил этиш бўйича ҳар бир маҳалладан 5 тадан - 7 тагача, жами 3 863 та хонадон танлаб олиниб, уларга жами 88,6 млрд сўмлик кредит маблағлари ажратилди. Ўйлайманки, бу борадаги ишларимиз ҳам ижобий самара бериб, натижаси аҳоли турмушида, ҳудуднинг ижобий кўрсаткичларида ўз аксини топади.

Инвестиция - тараққиёт гарови

Ҳудудни ҳар томонлама ривожлантиришнинг муҳим омилларидан бири бу шубҳасиз ҳудудга хорижий инвестиция жалб қилишдир. Бу борадаги ишларимизга тўхталадиган бўлсак, вилоятда инвестиция дастури доирасида 91 та саноат лойиҳалари ишга туширилди. 2024 йилда 625 млн доллар хорижий инвестициялар ўзлаштиришни режа қилганмиз.

Режага асосан, жорий йилнинг январь-август ойларида 494 млн доллар ўзлаштирилди. Инвестициялар ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,5 баробар ўсди. Ўзлаштирилган инвестицияларнинг 30 фоизи ёки 149,9 млн доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ва 70 фоизи ёки 344,1 млн доллари хорижий кредитларни ташкил қилди. Йил якунига қадар 131 млн доллар миқдорида хорижий инвестициялар ва кредитлар ўзлаштирилиб, белгиланган режани тўлиқ ижросини таъминлаш чоралари кўрилади.

Жорий йилнинг ўзида вилоятда жами 10 та хорижий давлатларнинг расмий вакиллари ҳамда тадбиркорлари билан 67 маротаба икки томонлама музокоралар ўтказилиб, ўтказилган учрашувлар натижасида жами 4,7 млрд долларлик хорижий инвестицияларни ўзлаштириш бўйича келишувларга эришилди.

Биргина мисол, Хитойнинг “Pover Uhuru Share Limited” компанияси билан қиймати 20,0 млн долларга тенг бўлган Ангор тумани “Баҳор” МФЙ ҳудудида “Top quality Brand” МЧЖ корхонаси билан желатин ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилади. Лойиҳа учун ер майдонлари танланиб, қурилиш ишлари бошлаб юборилиб, ускуналар олиб келиш бўйича хорижий ҳамкорлар билан музокаралар олиб борилмоқда.

Венгриянинг “Bankonzult” Kft. компанияси ҳамда “Сурхон саноат қурилиш” МЧЖ билан биргаликда қиймати 10 млн долларлик 5000 бош чорвачилик комплексини ташкил этиш лойиҳаси ва сутни қайта ишлаш лойиҳасини ишга тушириш амалга оширилади. Япониянинг “Ark edukational systems” компанияси ва “Сурхон саноат қурилиш” МЧЖ билан ҳамкорликда қиймати 8,0 млн долларлик “Ўзбекистон-Япония технология университети"ни ташкил этиш бўйича келишувга эришилган бўлиб, ҳозирда ахборот технологиялари ва хизмат кўрсатиш касб ҳунар коллежи биносини таъмирлаш ишлари бошлаб юборилган.

Шунингдек, жорий йил якунига қадар ҳудудий инвестиция дастури доирасида 325 та инвестиция лойиҳаларини ишга тушириш ҳисобига 11 минг та янги иш ўринлари яратилади, шундан 168 та янги саноат корхонани ишга туширамиз.

Шуни мамнуният билан айта оламанки, янги корхоналарнинг ишга туширилиши бевосита аҳоли турмуши фаровонлиги, қолаверса янгидан янги иш ўринлари яратилиши кафолатидир.

Қишлоқ хўжалиги ривожланяпти, саноатдаги улушимиз ҳам сезиларли ошмоқда, эндиликда навбат етиштирилаётган маҳсулот ва ишлаб чиқарилаётган товар ва хизматларни ўз харидорига етказиш, яни экспорт масаласи долзаб масалага айланади. Экспорт йўналишига алоҳида тўхталадиган бўлсак, 2024 йилда 360 млн долларлик экспортни амалга ошириб, экспорт кўрсаткичимизни ўтган йилга нисбатан 154 фоиз оширишга олдимига мақсад қилганмиз. Биргина жорий йилнинг январь-август ойларида 193,9 млн долларлик экспорт амалга оширилди.

Вилоятимизда мавжуд корхоналар томонидан 31 та давлатга экспорт амалга оширилган бўлса, шундан 90 фоизи 5 та давлат ҳиссасига тўғри келади. Булар, Россия, Покистон, Хитой, Афғонистон ва Қозоғистон.

Бундан ташқари, Малайзия, Перу, Сингапур, Қувайт, Саудия Арабистони каби давлатлар бозорларига маҳсулотларимиз кириб бориши ҳисобига жами 149,3 минг долларлик калава-ип, гилос, шафтоли маҳсулотларини экспорт қилдик. Вилоятимиздаги 165 та корхона экспорт фаолиятини амалга оширган бўлса, шундан, 55 таси саноат корхоналари, 110 таси мева-сабзавот корхоналаридир.

Ушбу корхоналар томонидан бир марталик тиббиёт шприцлари, тиббиёт мазлари, автомобиль мойлари, қурилиш материалллари, декоратив ойналар, сув иншоотлари учун эҳтиёт қисмлар, оловга бардошли ғиштлар, қамиш қириндисидан ДСП, нефт-газ корхоналари учун факел қурилмаси ва бошқа турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. 2024 йил якунигача 39 та лойиҳа доирасида 252,9 млрд сўмлик импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ишлаб чиқариш режалаштирилган.

Хусусан, янгиланадиган дастурга асосан гилам маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун сунъий тола ва латекс клейи, гипсакартон маҳсулотлари, кокс, инфузион эритмалар, стевия доривор ўсимлигини қайта ишлаш ва қадоқлаш, агробентофос минерал ўғити, электротехника, чарм, шўр сувни саноатда ишлатиш учун филтирлаш учун ускуна ишлаб чиқариш каби бир қанча янги турдаги импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ўзлаштирилади.

“Маънавият сектори”дан сўз очсак

Давлатимиз раҳбари “Маънавият бошқа соҳалардан олдинда юриши, янги кучга, янги ҳаракатга айланиши керак” дея ниҳоятда муҳим ва мамлакат тараққиёти учун зарур ғояни илгари суриб, маънавий-маърифий ишларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратдилар.

Қачон ҳудуд обод бўлади, қачон аҳоли турмуши фаровон бўлиб, юртга даҳлдрлик ҳисси билан яшай ва келажакка теран нигоҳ билан қарай бошласагина обод бўлади. Қачонки аҳолининг маънавияти бой, дунёқараши кенг, фикри теран бўлса, ана шундагина кўзланган натижага эришиш, ислоҳотларни тўлақонли ҳаётга татбиқ этиш ижобий самара беради.

Ҳурматли Президентимизнинг 2023 йилнинг 16-17 ноябрь кунлари “Сурхондарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда аҳолини сифатли ижтимоий хизматлар билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” ўтказган йиғилишида берилган топшириқ ижроси юзасидан “Сурхондарё вилоятида намуна сифатида “Маънавият сектори” жорий этилди”. Бу борадаги тизимли ишлар натижасида маънавий-маърифий йўналишдаги ишлар тамомила янгича кўриниш касб этиб, соҳада сезиларли ислоҳотлар амалга оширилди. Хусусан, вилоятдаги 965 та мактаб, 454 та мактабгача таълим ташкилоти, 7 та олий таълим, 54 та профессионал таълим муассасаси, 360 та ташкилот ва корхоналар ҳамда 724 та маҳаллаларда жами 2 564 та “Маънавият сектори” фаолияти йўлга қўйилди.

Китобхонликни тарғиб қилиш ва аҳолининг ғоявий ва ахборот хуружларига қарши мафкуравий иммунитетини кучайтиришга қаратилган медиа тарғибот маконини яратиш мақсадида 1 011 та тарғибот-ташвиқот материаллари тайёрланди.

Ўйлайманки, маънавият, зиё улашишдек муҳим ташаббусларимиз ҳамда амалий ҳаракатларимиз халқимиз турмушида, фарзандларимиз келажагида ўз сўзини айтади.

Тиббиётда “теша тегмаган” ислоҳотлар

Аҳоли саломатлигини таъминлаш, энг сўнгги тажриба ва технологиялар асосида хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш устувор вазифамиз саналади. Негаки, халқимиз саломат бўлса, ишимизда унум ва барака, ривожланиш бўлаверади. Айни шу мақсадда аҳолига кўрсатиладиган бирламчи тиббий-санитария ёрдами сифатини ошириш ҳамда касалликларни вилоятимизнинг ўзида даволашни ташкил этишга асосий эътибор қаратмоқдамиз.

Ҳурматли Президентимиз ташрифлари давомида аҳолига кўрсатилаётган бирламчи тизимни такомиллаштириш, сурункали касаллиги мавжуд беморларни соғломлаштириш, патронаж тизимини янги босқичда амалга ошириш борасида “Сурхондарё тажрибаси”ни жорий этиш ва намуна сифатида Ангор туманида амалга оширилган ишларни вилоятнинг барча туманларига жорий этиш вазифаси юклатилган бўлиб, тиббиётнинг бирламчи буғинни ривожлантириш учун алоҳида эътибор қаратилиб, Ангор туманида тажриба сифатида патронаж тизими жорий этилди ҳамда бу тизим вилоятнинг бошқа туманларида ҳам жорий этилмоқда.

Шу билан бирга, жорий йилда вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази негизида 300 ўринли даволаш ва 450 ўринли ўқув хоналарига эга барча юқори технологияли тиббий апаратураларни ҳамда мутахассисларни ўзида мужассамлаштирган “Тиббиёт кластери” ташкил этилмоқда.

Бундан ташқари йил якунига қадар 30 та тиббиёт муассасалари таъмирланади, 50 та замонавий тез тиббий ёрдам машиналари келтирилади, 140 млрд сўмлик замонавий тиббий асбоб ва жиҳозлар келтирилиб, аҳолига тиббий хизматлар кўрсатилиши яхшиланади.

Ҳусусан, вилоятда йил бошидан 10 та оилавий шифокорлик ва оилавий поликлиникада таъмирлаш ва реконструкция ишлари амалга оширилди ва ҳозирги кунда инвестиция дастури доирасида 5 та бирламчи муассасаларда реконструкция ишлари олиб борилмоқда ва жорий йилнинг октябрь ойларида фойдаланишга топширилади.

Шунингдек, 3,1 млрд сўмлик 117 та стомотологик аппаратуралар ва 4 та турдаги тиббий жиҳозлар келтирилди, бундан ташқари, 96 та оилавий поликлиникалар физиотерапевтик аппаратлар билан жиҳозланди.

Натижада қишлоқ ҳуддудида истиқомат қилувчи аҳолининг туман марказларига қатновининг кескин камайишига эришилмоқда. Вилоятга 10 млрд сўмдан ортиқ маблағ ҳисобига юқори технологияли тиббий аппаратуралар келтирилди. Жумладан, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Сурхондарё филиалига Ангиограф, Физиотерия ва пулмонология марказига Артроскоп, Ангор туманига мамограф аппаратларининг келтирилиши аҳолимизга кенг имкониятлар яратиб берди. Республика она ва бола саломатлиги маркази вилоят филиали ташкил этилди ва замонавий тиббий аппаратуралар билан жиҳозланди. Вилоятда биринчи маротаба очиқ юракда жарроҳлик амалиёти йўлга қўйилиб, шу кунга қадар 50 нафарга яқин беморда бу амалиёт мувафаққиятли амалга оширилди.

Болалар орасида 900 нафардан ортиқ туғма юрак нуқсони мавжуд болалар мавжудлигини инобатга олиб, жорий йилда вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида 15 млрд сўм маблағ ажратилиб, “Болалар кардиохирургия” бўлими ташкил этилади.

Тиббиёт муассаларини жиҳозлаш учун Давлатимиз раҳбари томонидан 50 млрд сўм маблағ ажратилиб, вилоятга замонавий тиббий жиҳозлар олиб келинмоқда. Вилоятга 8 дона гемодиализ аппарати келтирилиб, 6 таси Денов туманига, 2 таси Республика шошилинч тез ёрдам илмий маркази Сурхондарё филиалига ўрнатилди.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсам, бугун Сурхондарёда янги имкониятларни ишга солиниб, янги қирраларини намойиш этиб, улкан ўзгаришлар билан дунёга юз тутмоқда. Биз ўзимизда мавжуд улкан имкониятлардан илм-фан, аниқ режалар асосида самарали фойдаланиб, элимизга манфаат келтирадиган катта натижалар сари интилаяпмиз. Ишонаманки, биргаликда олдимизда турган янги марраларни, албатта, забт этамиз.

 

Улуғбек Қосимов,
Сурхондарё вилояти ҳокими

«Янги Ўзбекистон» газетаси 202-сони, 2024 йил 5 октябрь

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.