Сурхондарё вилоятининг 721 та маҳалласида “Ҳоким ёрдамчиси” лавозимига очиқ танлов эълон қилинади

Ҳозирги кунда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолининг даромади ва харид қобилиятини ошириш, ишсизлик даражаси юқори бўлган маҳаллалар билан манзилли ишлаш ва уларнинг “ўсиш нуқталари”ни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида ҳудудларда ташкил этилган “маҳаллабай” ишлаш тизими ўз самарасини бермоқда.

Эндиликда “маҳаллабай” ишлаш тизимини кейинги боcқичга олиб чиқиш маҳалланинг ўзида туриб, барча масалаларни ҳал қилиш чораларини кўриш фаолияти билан шуғулланиш мақсадида республикада илк маротаба тажриба тариқасида “Ҳоким ёрдамчиси” лавозими жорий этилмоқда.

  • Лавозимга қўйиладиган асосий талаблар:

— Ҳоким ёрдамчиси лавозимига олий маълумотли, маҳалланинг шарт-шароитини яхши биладиган, молия ва иқтисодиёт соҳасида камида 2 йил меҳнат стажига ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш, фуқароларнинг бизнес лойиҳа ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш масалаларида тажрибага эга бўлган, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш, Молия, Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Инвестиция ва ташқи савдо бошқармалари, вилоят солиқ бошқармаси, тижорат банклари вилоят филиаллари ва бошқа иқтисодий ва инвестиция комплексига кирувчи бошқарма ва идоралар, ҳамда уларнинг шаҳар ва туманлар бўлинмаларининг бўлим (шўъба) бошлиғидан паст бўлмаган лавозимда ишловчи раҳбар ходимлари тайинланади.

  • “Ҳоким ёрдамчиси”нинг асосий вазифалари:

— “Хонадонбай” сўровлар ўтказиш орқали маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини аниқлаш (паспортини шакллантириш);

— Маҳалланинг ихтисослашуви ва “ўсиш нуқталари”дан келиб чиққан ҳолда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш чораларини кўриш, ишсиз аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш, ишга жойлашиш истагини билдирган ишсизларни бандлигини таъминлаш ва аҳолини ўзини-ўзи банд қилишга кўмаклашиш;

— “Ижтимоий шартнома” тизими орқали тадбиркорлик қилиш истагида бўлган фуқароларга, жумладан аёллар ва ёшларга кредит ҳамда субсидиялар ажратиш;

— Тадбиркорлик субъектларининг бизнес лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашиш, мавжуд муаммоларини “мижозбай” ўрганиш ҳамда ҳал этиш орқали тадбиркорлик фаолиятини кенгайтиришга амалий ёрдам кўрсатиш, мавжуд инструмент ва ресурслардан самарали фойдаланишни ташкил этиш;

— Ҳудудий ва инвестиция дастурларига таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда маҳалланинг ривожланишига доир дастурлар ижросини назорат (мониторинг) қилиш;

 

  • “Ҳоким ёрдамчиси”нинг мавжуд имкониятлари:

— Оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида ҳар бир маҳалладаги хонадонларга ва янги ташкил этиладиган тадбиркорлик субъектларига кредит ажратиш учун кредит ресурслари лимити ихтиёри берилади.

— Бандликка кўмаклашиш жамғармасидан ишсиз фуқаролар учун асбоб ускуналар ва мини технологиялар харид қилишга ҳар бир маҳаллага субсидия учун купон беради.

— Ҳақ тўланадиган жамоат ишларига фуқарони жалб қилиш учун ҳар бир маҳаллага купон беради.

— Ҳар бир маҳаллада фуқарони касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш учун ваучер беради.

— Оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида кредит, субсидиялар, моддий ёрдам ва нафақалар ажратиш учун хулоса беради.

— “Ижтимоий шартнома”ларни имзолаш ҳамда шартнома шартларининг бажарилишини таъминлайди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Сурхондарё вилоятининг 721 та маҳалласида “Ҳоким ёрдамчиси” лавозимига очиқ танлов эълон қилинади.

Ҳар бир “Ҳоким ёрдамчиси” тегишли маҳаллада хона, замонавий ахборот-коммуникация воситалари ҳамда юқори (ишга қабул қилингунга қадар аввалги иш жойи бўйича ўртача иш ҳақи миқдоридан кам бўлмаган миқдорда) маош билан таъминланади.

Бундан ташқари, номзод ушбу лавозимга тайинланган кундан эътиборан миллий кадрлар заҳирасига киритилиб, меҳнат фаолиятининг натижадорлигига кўра лавозим бўйича ўстириб борилади.

Барча фидойи кадрларимизни ушбу танловларда кутиб қоламиз.

 

 Мурожаат учун телефонлар: +99874 (223-46-60),  +99893 (767-65-64)

Маълумотнома (объективка) юбориш учун +998 33 134 12-30, +998 91 907 45-45 телеграм рақами.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.