Сурхондарё вилояти ҳокимлиги
Сурхондарёда “маҳаллабай” ишлашнинг янги тизими жорий этилмоқда

Термиз шаҳрида Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси Сурхондарё вилоятида “маҳаллабай” ишлашнинг янги тизимини ташкил этиш масалаларига бағишланган семинар ташкил этди.

Давлатимиз раҳбари белгилаб берган вазифалар доирасида ўтказилган амалий машғулотларда вилоят, туман, шаҳар секторлари раҳбарлари, вилоят, туман, шаҳар ҳокимлари ўринбосарлари, вилоят мутасадди ташкилотлари, туман, шаҳар тижорат банклари, маҳаллаларга бириктирилган муассасалар раҳбарлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари иштирок этди.

Президентимиз 2020 йил 12-13 декабрь кунлари Хоразм вилоятига ташрифи чоғида маҳалла тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг одамлар ҳаётидаги аҳамиятини ошириш, маҳаллани аҳолига янада яқинлаштириб, соҳага “Маҳалла раиси – ислоҳотчи” тамойилини татбиқ этиш юзасидан муҳим вазифаларни белгилаб берган эди. Жорий йилнинг 4-5 февраль кунлари Фарғона, 18-19 февраль кунлари Наманган вилоятларига ташрифи давомида бу масалага алоҳида эътибор қаратилди.

Мамлакатимизда кейинги йилларда маҳаллани янада қўллаб-қувватлаш ва ҳар томонлама ривожлантириш, уни аҳолига яқин маслакдош тузилмага айлантириш давлатимиз белгилаб олган сиёсатнинг муҳим йўналишларидан бирига айланди. Бу борада амалга оширилаётган ислоҳотлар маҳалланинг жамиятдаги обрў-нуфузини янада ошириб, халқ билан давлат ўртасидаги кўприкка, одамларнинг қувончу ташвишлари, муаммоларига ечим топадиган, дардини, таклифини тинглайдиган, ташаббусларини қўллаб-қувватлайдиган ноёб институтга айлантирмоқда.

Бу жараёнда барча ишлар “Маҳалла раиси – ислоҳотчи” тамойили асосида ташкил этилиб, ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш бўйича янги тизим яратилаётгани ўзини ўзи бошқариш органи етакчисини ўз ҳудудида ислоҳотчи шахсга айлантиришга хизмат қилмоқда. Эндиликда “тепадан – пастга” иш тизимидан фарқли равишда иқтисодий комплекс ходимлари ҳар бир маҳаллага бириктирилиб, маҳалла раисига ёрдамчи этиб тайинланди ва уларга ўз соҳасига оид масалаларни ечиш вазифаси юклатилди.

Семинарда вилоят ҳокими биринчи ўринбосари Ф. Маманов, Давлат бошқаруви академиясининг биринчи проректори Х.Азизов ана шу ҳақда атрофлича фикр юритди.

Айни пайтда воҳада ҳар бир маҳалланинг муаммоларини уч тоифага таснифлаган ҳолда “драйвер” ва бошқа “ўсиш нуқталари” аниқланмоқда. Маҳаллани иқтисодий ривожлантиришдаги камчилик ва тўсиқларни бартараф этиш, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш объектларининг узлуксиз фаолият юритиши ҳамда “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган оилалардаги ишсизлар бандлигини таъминлаш сингари муҳим вазифалар белгилаб олинаётир. Бунинг учун вилоятнинг барча туманларида хусусан, Ангор туманида сабзавотчилик ва терини қайта ишлаш, Термиз туманида туризмни ривожлантириб, йўл бўйи инфраструктура обьектларини қуриш, Музработ туманида чорвачилик ва иссиқхонани ривожлантириш, Бандихон туманида қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш каби “ўсиш нуқталари” аниқланган.

Мазкур лойиҳаларни амалга ошириш учун ҳар бир ҳудудга вазирлик ва банклар раҳбарларига туманларнинг “ўсиш нуқта”лари негизида қуйи бўғин, яъни ҳар бир маҳалла, кўча ва хонадоннинг ўсиш нуқталарини ишлаб чиқиш тавсия этилган. Вилоятни ривожлантиришнинг маҳаллабай кесимдаги ечими ва режалаштирилган лойиҳаларнинг тўлиқ амалга оширилиши келгусида 30 мингдан ортиқ иш ўрни ташкил этиш имконини беради.

Семинарда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раисининг ўринбосари А.Камалов “маҳаллабай” ишлашда тижорат банкларининг роли ва вазифаси, Давлат бошқаруви академиясининг Қарши филиали директори Э.Ибрагимов уч бўғинли “маҳаллабай” янги тизимининг мазмун моҳияти, “Маҳалла раиси - ислоҳотчи” тамойилининг жорий этилиши мавзуларида маъруза қилди.

Шунингдек, иштирокчилар Давлат бошқаруви академияси бир гуруҳ профессор-ўқитувчиларининг “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”ни шакллантириш, юритиш, эҳтиёжманд шахсларни дафтарлардан чиқариш тартиби, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, сервис ва хизмат кўрсатиш борасида тадбиркорлик кооперацияларини йўлга қўйиш, маҳаллаларда драйвер соҳаларни белгилаш, субсидия ва компенсация механизмларидан самарали фойдаланган ҳолда фуқроларни тадбиркорликка йўналтириш, аҳоли томорқаларига хизмат кўрсатиш йўналишларини ташкил этиш, мавжуд бўш бино ва ер участкаларидан самарали фойаланиш , кичик саноат зоналарида янги лойиҳалар бўйича маслаҳатлар бериш, маҳаланининг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш, ижросини таъминлаш, мониторинг қилиш ва мувофиқлаштириш масалалари мазмун-моҳиятига бағишланган маърузаларини тинглади. Мавзулар юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сайтимизнинг янги талқини сизга ёқдими?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.