Сурхондарё вилояти ҳокимлиги
Туркия армияси генерали ўзбек ва турк ҳарбийларининг махсус-тактик ўқувини кузатиш учун Термизга келди

Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ Жанубий оператив қўмондонлиги Термиз дала-ўқув майдонида Ўзбекистон ва Туркия мудофаа вазирликлари Қуролли кучларининг махсус бўлинмалари билан ҳамкорликдаги махсус-тактик ўқув машғулотлари бўлиб ўтаётгани ҳақида аввал хабар берган эдик.

Бугун ушбу махсус-тактик ўқув машғулотини кузатиш учун Туркия Қуролли Кучлари Бош штаби бошлиғи, армия генерали Яшар Гулер бошчилигидаги делегация Ўзбекистон мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари – Қуролли Кучлар Бош штаби бошлиғи, генерал-майор Шуҳрат Холмуҳаммедов ҳамроҳлигида Термизга келди. Делегация аъзоларини  Термиз халқаро аэропортида Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов кутиб олди.

Жорий йилнинг 22 март куни бошланган махсус-тактик ўқув давомида ҳарбий хизматчилар тажриба алмашиш учун 15 километр мажмуавий махсус тактик йўлагидан ўтиш, жанговар иккилик, учлик ва тўртлик таркибида яқин жанг элементлари бўйича кўргазмали амалий махсус ўқ отиш ва қийин шароитларда яшовчанлик ҳолатлари бўйича амалий машғулотларга жалб этилди.

Шунингдек, полигонда иштирокчилар махсус-тактик ўқуви саволлари бўйича машғулотлар олиб борди, ҳарбийлар ўртасида спорт мусобақалари ўтказилди.

Бугун – ўқувнинг асосий кунида ўтказилган ҳамкорликдаги машғулотлар жараёнини Туркия Қуролли Кучлари Бош штаби бошлиғи, армия генерали Яшар Гулер, Ўзбекистон мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари – Қуролли Кучлар Бош штаби бошлиғи, генерал-майор Шуҳрат Холмуҳаммедов, Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов ҳамда бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар кузатиб борди.

Ўқув жараёнида ноқонуний қуролланган тузилмаларни аниқлаш ва яксон қилишга қаратилган ҳамкорликдаги махсус операцияларни ташкиллаштириш ва ўтказиш бўйича тактик эпизодлар ҳавола қилинди. Икки томон ҳарбий хизматчиларининг ҳамкорликдаги амалий ҳаракатлари кузатувчилар томонидан юқори баҳоланди.

Ўқув якуни муносабати билан саф тортган икки давлат ҳарбий хизматчилари Ўзбекистон ва Туркия мудофаа вазирликлари ҳамда Сурхондарё вилояти ҳокимлигининг  эсдалик совғалари билан тақдирланди. Ҳар икки давлат Қуролли Кучлари Бош штаби бошлиқлари мазкур ўқув машғулотлари мамлакатларимиз армияларининг жанговар қудратини оширишини айтиб ўтди.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сайтимизнинг янги талқини сизга ёқдими?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.