Сурхондарё вилояти ҳокимлиги
Сурхондарёда Украина билан ҳамкорлик янада ривожланади

Делегациянинг вилоятимизга ташрифидан кўзланган мақсад саноат кооперциясини ривожлантириш, ўзаро ҳамкорликни жадаллаштириш масалаларини муҳокама қилиш, чорвачилик соҳасида Украина имкониятлари тақдимотини ўтказиш, хорижий инвестиция ва технологиялар иштирокидаги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш йўналишларини ўрганишдир.
Бугун, ташрифнинг биринчи кунида меҳмонлар Термиз туманидаги “Gold Dried Fruits Export” қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, “ZIF Textile” замонавий тикувчилик корхоналари, “Termiz Cargo Centre” халқаро логистика маркази фаолияти билан яқиндан танишдилар. Милодий I-III асрларга мансуб Фаёзтепа будда ибодатхонаси мажмуасида бўлишди.
Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов ҳамда Украинанинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Николай Дорошенко ўртасида дўстона ва ўзаро ишонч руҳида ўтган мулоқот давомида икки томонлама ўзаро алоқаларни юқори босқичга кўтариш, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама этилди.
Маълумот ўрнида, Сурхондарё вилоятидан Украинага 2020 йилда 678 минг доллар миқдоридаги маҳсулотлар экспорт қилинган бўлса, вилоятимизга эса 2 миллион 374 минг долларлик маҳсулотлар импорт қилинган.
Украинага асосан мева-сабзавотлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари юборилган бўлса, бизга саноатнинг турли йўналишлари учун замонавий технологик жиҳозлар, кимёвий воситалар ва дори маҳсулотлари олиб келинган.
– Сурхондарё вилоятига биринчи бор келишим. Украинадаги компаниялар вакилларининг бу воҳага қизиқиши ниҳоятда катта. Бугун ўзларининг кўплаб истак ва таклифлари билан келган украиналик ишбилармонлар биргаликда кун бўйи шаҳар айландик, корхоналарни кўздан кечирдик. Сурхондарёдаги ишлаб чиқариш салоҳияти ва имкониятлар бизни ҳайратга солди, – деди Украина элчиси Николай Дорошенко.
Учрашувда воҳа саноатининг турли соҳаларида инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш ва қайта ишлаш, чорвачилик ва паррандачилик йўналишларидаги алоқаларни ривожлантириш, таълим ва тиббиёт соҳаларидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашилди.
Делегациянинг жорий йил 1 апрелга қадар давом этадиган ишчи ташрифи давомида Ангор, Жарқўрғон, Шеробод, Шўрчи, Олтинсой, Денов ва Сариосиё туманларидаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш корхоналарида бўлиб, ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш юзасидан келишувларга эришиш кўзда тутилган.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.