Сурхондарё вилояти ҳокимлиги
Сурхондарёда “Зарчоб-1” кичик ГЭСи ҳамда Зарчоб подстанцияси ишга туширилди

Қурилиши 2017 йилда бошланган “Зарчоб-1” кичик ГЭС “Гидропроект” АЖ (“Ўзбекгидроэнерго” АЖнинг тизим ташкилоти) томонидан лойиҳалаштирилган. ГЭС учун зарурий технологик қурилмалар эса Хитойнинг етакчи компанияси бўлмиш “Dongfang Electric International Corporation” томонидан етказиб берилди.

“Зарчоб-1” кичик ГЭСга 2 та гидроагрегат ўрнатиш белгиланган бўлиб, уларнинг умумий қуввати 37,4 МВтни ташкил этади. ГЭСда қурилиш-монтаж ишлари якунланиб, созлаш ва синовдан ўтказиш ишлари, автоматик тизим бошқарувини марказлашган бошқармадан бошқариш ишлари амалга оширилди.

Шу билан бирга, станциядаги гидроиншоотлар синов-тажриба жараёнидан муваффақиятли ўтди. Тўполанг дарёсидан сув олиб ўтувчи “Зарчоб-1” кичик ГЭСга келувчи 480 м узунликдаги туннел ва 1 300 м узунликдаги каналда сув ҳайдалиб, синов ишлари ўтказилган. Босимли ҳовуздаги сув кўтариш иншоотлари ишчи шай ҳолатига келтирилиб, белгиланган тартибда синовдан ўтказилди.

Янги ГЭС учун зарурий асбоб-ускуналар ҳамда гидроагрегатлар хитойлик мутахассислар билан маҳаллий мутахассислар томонидан биргаликда монтаж қилинди. Ушбу ишларни бажаришда соҳада етарлича тажриба ва нуфузга эга бўлган “TURONELEKTROMONTAJ” АЖ, “NP ESAN” МЧЖ, “AGEM” МЧЖ сингари монтаж-наладка йўналишидаги корхоналар билан бир қаторда “Тўполанг ГЭС” УКнинг Зарчоб 1-КГЭС бўлимига 2020 йилнинг бошида ишга қабул қилинган истиқболли ёш мутахассислар фаол жалб қилинди.

ГЭС билан бир вақтда Зарчоб подстанцияси ҳам фойдаланишга топширилди. Бу подстанция ақлли ва замонавий технологик қурилмалар билан жиҳозланган бўлиб, Зарчоб-1, Зарчоб-2, Тўполанг, Гульча ҳамда Регар подстанцияларини ягона энерготизимда бирлаштиради.

Энг аҳамиятли жиҳати шундаки, ушбу ресурслар табиий ва қайта тикланувчандир. ГЭСлар томонидан экологияга ҳеч қандай зарар етказмаган ҳолда, барқарор энергия ишлаб чиқарилиб, вилоят саноат корхоналари, турли идоралар ва маҳаллий аҳолига етказиб берилади.

Мазкур лойиҳани ишга туширилиши натижасида Сурхондарё вилоятининг электр энергияга бўлган талабининг муайян қисмини, саноат ва иқтисодиёт корхоналарини гидроэнергия ҳисобидан таъминлаш имкони вужудга келади.

 

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сайтимизнинг янги талқини сизга ёқдими?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.