Олис ва чекка маҳаллаларда Конституциявий қонун лойиҳаси муҳокама этилмоқда
Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов бугун Сариосиё ва Узун туманларининг чекка ҳудудларида бўлиб, фаол аёллар, нуронийлар ҳамда ёшлар билан «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Конституциявий қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган учрашувларини давом эттирди.
Сариосиё тумани Турмушобод маҳалласидаги 45-мактабда бўлиб ўтган учрашувда Галабута, Турмушобод, Ҳамкорлик, Ширин, Шоҳиқишлоқ, Дийдор маҳаллалари Боғи Самарқанд маҳалласидаги 71-мактабда ўтган учрашувда Дарагистон ва Боғи Самарқанд маҳаллалари вакиллари қатнашди.
Мулоқотда вилоят раҳбари Конституцияга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳияти, кейинги йилларда барча соҳаларда юз бераётган ўзгариш ва янгиланишлар ҳақида атрофлича фикр юритди. “Обод маҳалла” ва “Обод қишлоқ” дастурлари, чекка ҳудудлардаги тиббиёт, таълим каби соҳаларга қаратилаётган эътибор, ёш авлоднинг ноёб истеъдодини қўллаб-қувватлаш йўлида амалга оширилаётган ишлар, камбағалликни қисқартириш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар қайд этилди.
– Мамлакатимизда сўнгги йилларда содир бўлаётган янгиланишлар ҳар биримизнинг ҳаётимизда ўз аксини топмоқда,–деди Тўра Боболов. –Буларнинг барчаси Янги Ўзбекистон тараққиёти билан бевосита боғлиқлигини ҳис этмаётган инсон бўлмаса керак. Барчамиз бирдек орзу қилган бу ислоҳотлар бундан 30 йил илгари қабул қилинган Асосий қонунимизга ўзгартириш ва тузатишлар киритишни тақозо этди. Сиёсий бу жараённи қўллаб-қувватлаётган фаол фуқароларимиз ўзларининг таклиф ва тавсияларини очиқ билдирмоқда. Шунга асосан инсон қадрини улуғлаш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ, таълим сифатини назорат қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини мустаҳкамлаш каби муҳим масалаларга доир кўплаб таклифлар илгари сурилган. Эндиликда амалдаги Конституциядаги 128 та модданинг 58 тасига 200 га яқин ўзгартириш ва қўшимча киритиш кутилмоқда.
Учрашувда сўзга чиққан Президентнинг Сариосиё туманидаги Халқ қабулхонаси мудираси Ойдин Жўрабекова, шоир Аҳтамқул Каримов, меҳнат фахрийси Абдуғаффар Кассиров, Қобил Қурбонов ва бошқалар сўзга чиқиб, тубдан ўзгараётган турмушимизга хос Бош қомусимизнинг ўзгариши ҳам ҳаётий зарурат эканини алоҳида эътироф этди. Кейинги йилларда қўшни давлатлар билан чегарадош, чекка қишлоқларни ижтимоий-иқтисодий юксалтириш борасида олиб борилаётган ишлар таҳлил қилинди. Ислоҳотлар ҳар бир хонадонга кириб бораётгани фахр билан эътироф этилди.
– Янгиланиши кутилаётган Конституциямизнинг ижодкорлари том маънода ҳалқимиз бўлмоқда,–деди 1-мактаб ўқитувчиси Мадина Ғофурова.– Масалан, мен Асосий қонунимизда Президентимиз ваколатини узайтириш, педагоглар мақомини ошириб, ҳуқуқларини мустаҳкамлайдиган норма киритилишини таклиф қилган эдим. Бу таклифларим лойиҳада акс этгани ва оддий фуқаролар таклифи инобатга олинаётганидан фахр ҳиссини туйдим. Буни сўнгги йиллардаги очиқлик, ошкоралик сиёсати ва инсон қадрини улуғлашга қаратилаётган эътиборнинг амалдаги намунаси, деб биламан. Барчани қонун лойиҳаси муҳокамасида фаол иштирок этишга ундайман.
Тадбир якунида маҳаллалар ёшлари ўртасида “Беш ташаббус” лойиҳаси доирасида ўтказилган беллашувлар ғолибларига пул мукофотлари ва эсдалик совғалар топширилди.
Сурхондарё вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz