Аввал хабар берганимиздек, вилоятимиздаги мавжуд 721 та маҳалла фуқаролар йиғинларига янги сайланган раислари ўқув семиналарида босқисма-босқич иштирок этмоқдалар.
Семинарда маҳалла раислари маҳаллабай ишлаш тизимини шакллантириш, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, аҳоли муаммоларини маҳаллада ҳал этиш каби муҳим масалалар юзасидан билим ва кўникмаларини оширмоқда.
Вилоят ҳокими Тўра Боболов ўқув-семинарнинг иккинчи босқичида Термиз шаҳри ва туманлардан иштирок этаётган 186 нафар тингловчи билан учрашиб, янги сайланган маҳалла раисларини самимий табриклади. Эл фаровонлиги ва маҳалла ободлиги йўлидаги фаолиятига муваффақият тилаб, ҳудудга бириктирилган ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосар, ёшлар етакчиси ҳамда ички ишлар профилактика инспектори, маҳалла фаоллари ҳамкорлигида жойлардаги ижтимоий муҳим муаммоларни ҳал этишга эътибор қаратиш, одамларни ҳаётдан рози бўлиб яшашига эришиш зарурлигини таъкидлади.
Юртимизда, хусусан, воҳамизда сўнги йилларда амалга оширилаётган ўзгаришларни ўзида акс эттирган видеоролик намойишидан сўнг, маҳалла тизимини такомиллаштириш хусусида фикр алмашилди.
Вилоят ҳокими билан самимий, очиқ мулоқот чоғида ўқув-семинар иштирокчилари ўзларини қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоб олди.
Сурхондарё вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати