Бугун, 18 июль куни вилоят ҳокимлигида видеоселектор тарзида навбатдаги “Ҳокимлик соати” йиғилиши бўлиб ўтди. Унда вилоят, шаҳар ва туманлар секторлари раҳбарлари, ҳокимлик аппарати масъул ходимлари, алоқадор бошқарма ва ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди. Йиғилишни вилоят ҳокими Тўра Боболов бошқариб борди.
Йиғилишда дастлаб Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, турли вазирлик ва идоралар вакиллари ҳамда вилоят ҳокими иштирокида жорий йилнинг 11-16 июнь кунлари ўтказилган оммавий сайёр қабулларда берилган топшириқлар ижроси ҳолати Ишчи гуруҳ ўрганишлари асосида тайёрланган видеоматериал асосида танқидий муҳокама қилинди.
Ушбу сайёр қабулларда фуқаролардан тушган мурожаатларни жойига чиқиб ўрганмасдан, уларни ижобий ҳал этмасдан иш кабинетида ўтириб жавоб хати йўллаш орқали ёпган масъуллар, шу жумладан ҳоким ўринбосарларининг айримлари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Баъзиларига интизомий жазо чоралари қўлланилди.
Йиғилишда Президент фармонлари, қарорлари, фармойишлари ва топшириқлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларида белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли ижро қилиниши аҳволи ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож, кўп болали оилаларнинг фарзандларини шаҳар ташқарисидаги оромгоҳларда дам олдириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳам муҳокама қилинди. Вилоят раҳбари ушбу йўналишларда аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича масъулларга аниқ муддат белгилади.
Сурхондарё вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати