Вилоят ҳокими Тўра Боболовнинг Ангор тумани Қўштегирмон маҳалласидаги 4-мактабда ўтказган учрашуви ҳам ана шу мавзуга бағишланди.
Очиқ мулоқотда вилоят раҳбари Конституцияга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг мамлакатимизни янги босқичда ривожлантиришдаги ўрни, инсон қадрини улуғлашдаги аҳамияти ҳақида атрофлича сўз юритди.
Ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши кутилаётган модда ҳамда нормалар ҳақида маълумот берди.
Учрашувда Қадимий Ангор маҳалласида яшайдиган Тошпўлат бобо Қурбонназаров, фермер, Ўзбекистон Қаҳрамони Исахон Баҳрамов, Навбаҳор маҳалласи ёшлар етакчиси Шахриёр Қаҳҳаров ва бошқалар Бош Қомусимизга киритилиши кутилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар ҳусусида фикр билдирди. Кейинги йилларда Ангор тумани ижтимоий-иқтисодий ҳаётида юз берган улкан ўзгариш ва янгиланишлардан фахр ҳиссини туйиб яшаётганини эътироф этди.
Очиқ мулоқотда “Ёш китобхон оила” кўрик-танлови, вилоят ҳокими соврини учун “Заковат” интеллектуал ўйини ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари ўртасида шашка мусобақаси ташкил этилди. Вилоят ҳокими Маданият маҳалласида яшайдиган 1-гуруҳ ногирони Ўрол Алламуродов билан шашка ўйнади. У билан суҳбатлашиб, муаммоларини сўради. Унга ногиронлик аравачаси берилди.
Мутасаддиларга кўчаларни кўздан кечириб, текис, равон йўл барпо этиш вазифаси юкланди. Қорасув маҳалласилик иккинчи гуруҳ ногирони Зафар Тошмуродов енгил констирукцияли иншоот қуриб, аҳолига компьютер хизматлари кўрсатишни йўлга қўйишда ёрдам сўради. Бу лойиҳа ҳомийлик асосида амалга ошириладиган бўлди.
Тадбир якунида “Ёш китобхон оила” кўрик-танлови, вилоят ҳокими соврини учун ўтказилган “Заковат” интеллектуал ўйини ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари ўртасида ташкил этилган шашка мусобақаси ғолиблари муносиб тақдирланди.