Жаҳон банки Сурхондарёнинг 7 та ҳудудида шаҳар инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳасини қўллаб-қувватлайди

2019 йил 30 июлда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки иштирокида “Ўрта шаҳарларни комплекс ривожлантириш” лойиҳасини амалга оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинган бўлиб, ушбу қарор асосида ҳудудлардаги ўртача шаҳарларда ҳаёт даражасини яхшилаш бўйича лойиҳалар амалга ошириб келинмоқда.

Бугун Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболовнинг Жаҳон банки миссияси лойиҳа раҳбари Розанани Нитти, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги “Ўрта шаҳарларни комплекс ривожлантириш” лойиҳаларини амалга ошириш гуруҳи директори Г.Атаханов ва бошқа мутасадди ташкилотлар раҳбарлари билан ўтказган учрашувида вилоятнинг 7 та ҳудудида амалга ошириладиган шаҳар инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳаси ҳақида сўз юритилди.

Таъкидланганидек, Сурхондарё вилоятининг танлаб олинган Бойсун, Қумқўрғон, Шўрчи, Олтинсой, Сариосиё ва Узун туманлари ҳамда Шарғун шаҳарчаси инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳасини амалга оширишдан кўзланган мақсад ўртача шаҳарларда ҳаёт даражасини яхшилаш ҳамда ҳукуматнинг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга ёрдамлашишдир.

Ушбу лойиҳани амалга ошириш учун Жаҳон банки гуруҳи таркибига кирувчи Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки томонидан 100 млн доллардан 140 млн долларгача имтиёзли кредит тақдим этилиб, ушбу маблағлар ҳудудлардаги ичимлик суви, табиий газ, электр энергияси таъминоти ҳамда канализация тизимини яхшилашга йўналтирилади. Ҳозирда қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш учун лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланмоқда.

Учрашув чоғида лойиҳани амалга ошириш доирасидаги вазифалар белгилаб олинди.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.