Аввал хабар берганимиздек, бугун Термиз шаҳридаги "Имом Ат-Термизий" илмий тадқиқот марказининг мажлислар залида вилоят ҳокими Тўра Боболовнинг тадбиркорлар билан навбатдаги очиқ мулоқоти бўлиб ўтди.
Самимий мулоқот ҳамда ишчанлик руҳида ўтган мазкур очиқ мулоқотда вилоятдаги 110 дан зиёд тадбиркорлик субъектлари иштирок этиб, ўзларининг тадбиркорлик фаолиятида юзага келаётган муаммолари ҳамда тадбикорликни ривожлантириш бўйича ташаббуслари билан иштирок этишди.
Очиқ мулоқот давомида тадбиркорлар томонидан 60 дан зиёд муаммолар ҳамда 44 та таклифлар келиб тушди.
- Денов туманида "Қурбонали Текстиль" масъулияти чекланган жамиятимиз томонидан бугунги кунда 120 нафар фуқароларга иш ўринларини ташкил қилганмиз, - деди МЧЖ раҳбари Қурбонали Казаков. - Бизга лидер тадбиркор сифатида “Ипотека-банк” АТИБ вилоят филиалидан 2 млрд. сўм кредит маблағи ажратилиши керак эди. Тижорат банки томонидан 800 млн. сўм ажратиб берилган. Вилоят ҳокимидан қолган 1,2 млрд. сўм кредит маблағини ажратишда амалий ёрдам сўрадим. Масъуллардан шу ернинг ўзида изоҳ сўраб, муаммойимни ижобий ҳал этиб бердилар.
Муаммоли масалаларнинг 20 таси жойида ҳал этилган бўлса, ечими маълум вақт талаб этиладиган мурожаатларга масъуллар белгиланиб, аниқ топшириқлар берилди.
Сурхондарё вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати