Бугун, эрта тонгдан Ўзбекистон ва Тожикистон Республикалари мудофаа вазирлари генерал-лейтенант Баҳодир Қурбонов ҳамда генерал-полковник Шерали Мирзо, Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов ва бошқа масъуллар "Термиз" полигонида бир ҳафтадан кўпроқ тайёргарлик кўрилган “Ҳамдўстлик—2022” ўзбек-тожик ҳамкорликдаги ўқувининг асосий босқичини кузатдилар.
Ҳамкорликдаги ўқув режасига кўра икки давлат чегарасини бузиб кирмоқчи бўлган шартли душман тўдаларига мотоўқчи, танк, артиллерия ва бошқа жанговар бўлинмалар томонидан аниқ зарбалар берилди.
Амалий ўқув якунида Ўзбекистон ва Тожикистон Республикалари мудофаа вазирлари “Ҳамдўстлик—2022” ҳамкорликдаги ўқув иштирокчилари ва ташкилотчиларини эришилган ютуқлар билан табриклашди. Жараёнларда фаол қатнашган ҳар икки давлат ҳарбий хизматчилари Ўзбекистон ва Тожикистон Республикалари мудофаа вазирликлари томонидан таъсис этилган медаллар, эсдалик нишонлари ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.