Сайёр қабул: 91 та мурожаат жойида ҳал этилди
Қумқўрғон тумани Сурхон соҳили маҳалласи ҳудудида бўлиб ўтган вилоят ҳокими Тўра Боболов бошчилигидаги масъулларнинг оммавий сайёр қабули қарийб 8 соат давом этди.
Сайёр қабулда Қумқўрғон тумани аҳолиси ҳамда Олтинсой, Шўрчи, Жарқўрғон, Ангор туманларидан келган мурожаатчиларнинг муаммолари тингланиб, секторлар раҳбарлари ва мутасаддилар иштирокида улар ўртага ташлаётган муаммоларни жойида ҳал этиш йўллари изланди.
Оммавий қабулга Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрида бўлиб ўтадиган 1-лига ўйинларида иштирок этиш учун сафар харажатларини тўланилишида амалий ёрдам сўраб келган "Қумқўрғон-1977" футбол жамоасининг мурожаати ижобий ҳал этилиб, зарур бўлган 38 млн. сўм маблағ тўлаб бериладиган бўлди.
Шунингдек, "Ўзбекистон беш йиллиги" маҳалласида яшовчи 67 ёшли Холмўмин Қодировнинг даволаниши учун санаторияга йўлланма бериладиган, "Пахтаобод" маҳалласида яшовчи турмуш ўртоғи жазони ижро этиш муассасида бўлган фуқарога моддий ёрдам тайинланадиган бўлди.
Сайёр қабулда 342 нафар фуқаро томонидан ичимлик ва оқова суви, ички йўллар таъмири, электр ва газ таъминоти, соғлиқни сақлаш, ижтимоий таъминот каби турли масалалар билан боғлиқ 411 та муаммо тингланди. Мурожаатларнинг 91 таси шу ернинг ўзида ижобий ҳал этилган бўлса, 12 та ер ажратиш билан боғлиқ мурожаатларга ҳуқуқий тушунтириш берилиб, 308 та муаммо ижроси муддат талаб этгани боис масъулларга қўшимча ўрганиш ўтказиб, ҳал этиш вазифаси юклатилди.
Сурхондарё вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz