Тўра Боболов “Пайғамбар ороли”да бўлди

Бугун Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов Термиз шаҳри яқинида, Амударёнинг қоқ ўртасида катта оламдан ажралган ҳолда жойлашган, қамишзор, тўқайзор ва қумлардан иборат ўзига хос табиат мўъжизаси – “Пайғамбар ороли”да бўлиб, “Зул-Кифл” мақбарасини зиёрат қилди. Жонлиқ сўйилиб, Қуръон тиловат қилинди. Яратгандан юртимизга тинчлик-фаровонлик тилаб дуолар қилинди.

ЮНЕСКОнинг табиат ёдгорликлари рўйхатига киритилган, майдони тахминан 4 минг гектарлик сатҳга эга, узунлиги 8, эни 5-6 километр бўлган ушбу орол пайғамбарлардан бирининг рамзий қабри жойлашган манзил сифатида қадрланади. Унинг “Пайғамбар ороли” номини олиши ҳам шундан — бу ерда Қуръони каримда зикр этилган йигирма беш пайғамбардан бири бўлмиш, милоддан аввалги VI-VII асрларда яшаб ўтган Зул-Кифл (“кафолат соҳиби” маъносини билдиради) алайҳиссалом мақбараси мавжуд.

XVII асрда яшаган балхлик машҳур қомусий олим Маҳмуд ибн Валий “Сирлар денгизи” асарида пайғамбар Зул-Кифл алайҳиссалом дафн этилган Термиз яқинидаги бу орол Ҳаким Термизий билан Ҳизр алайҳиссаломнинг учрашув жойи бўлганини қайд этади.

Оролдаги “Зул-Кифл” мақбараси турли даврларда бунёд этилган гумбазли катта масжид ва жанубдан туташган сағанали ҳилхона ҳамда ғарб томондан бириктирилган икки хонадан иборат. Масжид мураббаъ тарҳли, олди пештоқли, безаги ғишт чоргул ва арча тарзида терилган, меҳробига ганч гириҳ нақш ишланган. Мақбара 2018 йил бошида реконструкция қилиниб, обод ҳолга келтирилди.

Ушбу орол қўшни Афғонистонга туташ бўлгани боис чегарачилар томонидан қўриқланади. Бу ерда Ўзбекистон ДХХ Чегара қўшинларига қарашли ҳарбий қисм бўлинмаси жойлашган.

Вилоят ҳокими, ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари Тўра Боболов ҳарбий қисмда ҳам бўлиб, бу ерда ҳарбий хизматчилар учун яратилган шарт-шароитларни кўздан кечирди.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.