Сурхондарёликлар Меҳрибонлик уйларида тарбияланаётган 52 нафар йигит-қизни ўз бағрига олди

Жорий йилда Президентимиз раҳбарлигида ногиронлиги бўлган, ота-она қарамоғидан маҳрум ва етим болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини татбиқ этиш бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида Меҳрибонлик уйлари ва махсус мактаб-интернатларини Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси масъуллигига ўтказиш таклифи илгари сурилган эди.

Қисқа вақт ичида ушбу йўналишдаги ишлар ўз самарасини бера бошлади. Хусусан, Сурхондарё вилоятида ҳам Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларини ижтимоий муҳитга мослаштириш ва ота-она меҳридан баҳраманд бўлиб вояга етишлари учун оилавий болалар уйлари ташкил этилмоқда. Шу кунга қадар вилоят ҳокимлиги, Миллий гвардиянинг Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ва халқ таълими бошқармаси кўмагида Термиз шаҳридаги 12-сонли Меҳрибонлик уйининг 29 нафар тарбияланувчиси ўз оиласи ва яқинлари бағрига қайтарилди, 1 нафари фарзандликка ва 22 нафари Оилавий болалар уйига, ота-она қарамоғига топширилди.

Шу кунгача вилоятнинг Термиз шаҳри ва Денов туманида жами тўртта Оилавий болалар уйи мавжуд эди. Жорий йилнинг 22 февраль куни Ангор туманида ташкил этилган ана шундай файзли уй ҳисобига воҳада улар сони яна биттага кўпайди.

Шу куни тумандаги «Янгитурмуш» маҳалласида истиқомат қилувчи Ҳошимовлар оиласи томонидан ташкил этилган Оилавий болалар уйи 2 нафар ўғил ва 6 нафар қиз фарзандни бағрига олди. Уларнинг 2 нафари Тошкент шаҳридаги 22-сон Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари, қолган 6 нафари эса ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалардир.

Тадбирда Ангор тумани ҳокимлиги ҳамда Миллий гвардиянинг Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси масъуллари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбир давомида ташкилотчилар томонидан келтирилган совғалар болажонларга топширилди. Хонадонда ўғил-қизлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар билан танишилди.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.