Сурхондарёда тўрт сектор раҳбари ёшлар билан учрашди

Термиз шаҳридаги Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказида Сурхондарё вилоятидаги тўртта сектор раҳбарининг ёшлар билан учрашуви бўлиб ўтди.

Унда Термиз шаҳри ва туманларда яшайдиган йигит-қизлар, масалага алоқадор ташкилот ва идоралар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, блогерлар иштирок этди.

Тадбирда вилоят ҳокими Тўра Боболов воҳадаги тўртта сектор ҳудудида ёшларга оид амалга оширилаётган давлат сиёсати доирасида олиб борилаётган ишлар ҳақида ҳисобот берди.

Президентимизнинг 2020 йил 25 декабрь куни мамлакатимиз ёшлари билан видеоселектор тарзида ўтказилган “Ўзбекистон ёшлари форуми”да ёшларга оид давлат сиёсати соҳасида ҳудудларда амалга оширилаётган ишлар юзасидан аҳоли хусусан, ёшларга ҳар ойда бир марта ҳисобот бериб бориш тизимини яратиш вазифаси белгилаб берилган эди. Шунга мувофиқ ташкил этилган учрашувда таъкидландики, сўнгги йилларда мамлакатимизда ҳар тарафлама баркамол ёш авлодни тарбиялаш, уларнинг мустақил ҳаётга қадам қўйиши учун етарли шароит яратиш, маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, замонавий ахборот технологиялари бўйича саводхонлигини ошириш, китобхонлик маданиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Вилоятда 354 минг 169 нафар етти ёшдан 14 ёшгача бўлган бола, 808 минг 201 нафар 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган йигит-қиз истиқомат қилмоқда. Уларни давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббусга жалб этиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини ошириш учун маданият марказларида 665 дан ортиқ, умумтаълим мактаблари, болалар мусиқа ва санъат мактабларида йўлга қўйилган 753 та тўгарак, студия ва устахоналарга 130 минг 900 ёш қамраб олинди. Жорий йилда Ангор тумани маданият маркази, Шўрчи тумани “Серғайрат” маданият маркази, Жарқўрғон туманидаги С. Қобилов номли маданият марказларида қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари якунланиши ҳамда вилоятдаги 21 та болалар мусиқа ва санъат мактабларини 825 дона ўқув дарсликлари 470 та миллий ва европа чолғу асбоблари билан таъминлаши бу борадаги ишлар самарадорлиги янада ошади. 

Воҳада ёш авлодни жисмоний чиниқтириш ва спорт соҳасида ўз қобилиятини намоён этиши учун зарур шароитлар яратишга ҳам устувор вазифалардан бирига айланди. Вилоятдаги спорт объектларида фаолият юритаётган 1 минг 315 та тўгарак ана шундай эзгу мақсадга хизмат қилиб, уларда 185 минг 600 нафар ёшлар мунтазам спорт билан шуғулланмоқда. 721 та маҳаллада барпо этилган 717 та футбол, баскетбол, волейбол каби спорт майдончалари 140 минг 885 нафар ўғил-қизни қамраб олган. Ўтган йили ушбу йўналишларда вилоятда 3 минг 658 спорт тадбири ташкил этилиб, уларда 365 мингдан ортиқ ёшлар ўз маҳоратини намойиш этди.

Жорий йилда воҳадаги 927 та умумтаълим мактаблари 21 турдаги 9 минг 125 та спорт инвентарлари билан таъминланади. Олимпия ва оммавий спорт турларини ўз ичига олган “Маҳалла олимпиадаси” спорт мусобақалари ташкил этилади. 

Вилоятда ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш мақсадида ишлаб чиқилган дастурга кўра, 2021-2025 йилларда 73 та мини футбол, 273 та “Workout” майдонлари, 42 та фитнес ва тренажёрлар, 149 та бадминтон, 159 та стритбол майдонлари ҳамда велоспорт, юриш, югуриш йўлаклари ташкил этилади. Ҳозиргача воҳадаги 293 маҳаллада 284 та “Workоut” майдони, 9 та стритбол майдончалари қурилди.

Ҳисоботда жорий йилга мўлжалланган инвестиция дастури доирасида бунёд этиладиган спорт иншоотлари ҳақида ҳам етарли маълумот берилди.

- Бугунги учрашувимизда блогерлар ҳам қатнашмоқда,-деди вилоят раҳбари.- Шу ўринда бир нарсани айтишим керакки, Термиз шаҳридаги теннис корт ўрнида Президент мактаби барпо этаяпмиз. Чунки, бу иншоот шаҳарнинг янгиланган қиёфасига мос бўлмай турган эди. Замонавий теннис корт “Сурхон” спорт мажмуаси тарафда янгидан қурилади. Бу ерда ёшларнинг теннис машғулотларини жуда чиройли ўтказиши, жисмонан чиниқиши учун барча қулайлик яратилади.

Вилоят ҳокими ўз ҳисоботида жойларда компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этиш борасида олиб борилаётган ишлар ва уларнинг самараларини атрофлича таҳлил қилиб берди. Аҳоли, айниқса, ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишларга эътибор қаратди. “Ёшлар дафтари” ни шакллантириш, ёшлар бандлигини таъминлаш ва уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этишга қаратилаётган эътиборга атрофлича тўхталди.

- Президентимиз шу йил 27 январь куни “Мамлакатимизда ёшлар бандлигини таъминлаш ва уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш чора-тадбирлари”га бағишлаб ўтказган видеоселектор йиғилишларида ёшлар бандлигини таъминлаш ва уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш бўйича тегишли топшириқларни берган эди,- деди Т.Боболов.- Биз, 4 та сектор бошчилигида вилоятдаги ёшларимизнинг аниқ балансини шакллантириб чиқдик. Маълум бўлдики, аҳолининг 60 фоизини ёшлар ташкил этмоқда. Шунга кўра, айни пайтда 18-30 ёш тоифасидаги йигит-қизларнинг 111 минг 56 нафари расмий банд бўлган, 362 минг 103 нафари норасмий банд бўлганл ёшлардир. 80 минг 78 нафарини ишлаш истаги йўқлар, 1 минг 252 нафари меҳнатга лаёқатсиз имконияти чекланганлар, 56 минг 752 нафари ишсиз, касб-ҳунарга ўқиш, кредит олиб тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган ва ижтимоий, иқтисодий ҳамда психологик муаммолари мавжуд ёшларни ташкил этди. Биз, ана шу 56 минг 752 нафар йигит-қизни “Ёшлар дафтари”га киритиб, уларни дафтардан чиқариш бўйича тизимли ишлар олиб бораяпмиз. 

Ҳисоботда бу борада амалга оширилаётган ишлар аниқ йўналишлар бўйича чуқур таҳлил қилиб берилди. Тўрт сектор раҳбари ҳам келажагимиз эгалари ўртага ташлаётган муҳим масалаларни, улар дуч келаётган муаммоларни ҳал этишга тайёр экани қайд этилди.

Учрашувда ёшлар вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш билан боғлиқ турли таклиф ва ғояларни ўртага ташлади. Шунингдек, тадбиркорлик соҳасида дуч келаётган муаммолари билан ўртоқлашди. Аксарият масалалар секторлар ва мутасадди ташкилотлар раҳбарлари иштирокида кўриб чиқилиб, жойида ечими топилди. Ҳал этилиши вақт талаб этадиган мурожаатлар бўйича муддат белгиланиб, ижроси қатъий назоратга олинди.

3 изоҳ

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.