Бойсунлик фермер: “Президентимиз ўтказган тадбир менга янги ғоялар берди”
Президентимиз раислигида жорий йил 26 апрель куни туризм хизматлари кўламини кенгайтириш ва инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманидаги фодаланилмаётган туристик манзилларда меҳмонхона, кемпинг, тоғ спорти, дор йўли, туристлар уйлар каби турли объектларни ташкил этиб, 500 минг сайёҳни бемалол жалб этиш имконияти мавжудлиги таъкидланди.
Тумандаги “Ферузбек-Асл чорваси” фермер хўжалиги Бойсун тоғининг Ҳачча чўққилари ён бағридаги Хўжа қўчқор ота зиёратгоҳи атрофида 150 гектарга яқин майдонда туризм зонаси ташкил этмоқда. Шу мақсадда агро, эко ва зиёрат туризм шайдолари учун учта замонавий коттеж, учта ўтов ва енгил конструкцияли контейнер типидаги туристларни қабул қилишга мўлжалланган ётоқ-жой, ёзги бассейн, сержило табиат қўйнида дилдан суҳбат қуриб, дам олиш учун табиий супалар, тадбирларга мўлжалланган саҳна барпо этган.
Сўлим тоғ этагида бодом, ёнғоқ, олма, гилос, узум, ўрик, нок каби мевали дарахт кўчатларини экиб, парваришламоқда. Бу ерда ҳозир 20 га яқин киши меҳнат қилаётир. Гўзал табиат манзаралари, тоза, салқин об-ҳавоси билан ҳар қандай кишини мафтун этадиган бу гўша Хўжақўчқор ота зиёратгоҳи билан ҳам маълум ва машҳур. Ривоят қилишларича, Хўжақўчқор ота асли қашқадарёлик бўлиб, шу воҳада яшайдиган уруғлардан бирининг пири бўлган экан. Улуғ зотнинг Шоҳиқўчқор, Бойқўчқор исмли акалари ҳам бўлган. Бир сафар Хўжақўчқор ота икки акаси ва бир невараси билан Шеробод тарафда бўлиб, меҳмондан қайтаётганида бир гуруҳ муридлари уларнинг ёнида катта миқдордаги тиллоси бор, дея тахмин қилиб, йўлларини тўсади. Ўлдириб юбориш билан таҳдид қилиб, бор бойликларини беришни талаб қилади. Бундай бойликка эга бўлмаган эшон боболар қароқчи муридларидан қочишга улгуради. Шу зайлда Бойсун тоғининг Ҳачча чўққиси этагига келишганида муридлар қувлаб етади ва Хўжақўчқор отадан олтин талаб қилади.
Шунда эшон бобо “мен ўлимимга розиман, мени ўлдирсангизлар ҳам набирамга тегманглар, фақат бир таҳорат қилиб олай”, деб қўлидаги ҳассасини “тақ-тақ” эткизиб, икки жойга уради. Шу пайт тошлоқ ердан иккита булоқ суви сизиб чиқади. Қароқчи муридлар важоҳатини кузатиб турган Шоҳиқўчқор ва Бойқўчқор қочиб, чўққи тарафга йўл солади. Муридлар эшон отанинг набирасини ул зотнинг кўз олдида сўйиб ташлайди. Бегуноҳ набираси ўлдирилганидан жаҳли чиққан Хўжақўчқор ота “сенлардек йиртқич махлуқ қўлида ҳалок бўлгандан ўзим ўлганим яхши”, деб турган жойида ғойиб бўлади. Кичик пирларининг бу мўъжизаси ортидан муридлар ул зотнинг Шоҳиқўчқор ва Бойқўчқор акалари кетидан от солади. Баланд чўққига етаёзганида уларни ҳам ушлаб олиб ўлдиришга чоғланади. Лекин, ака-ука бир зумда кўздан ғойиб бўлади.
– Бу воқеа бундан 455-460 йиллар илгари юз берган, – дейди зиёратгоҳ атрофини ободонлаштириб юрган Усмон Тошбоев. – Бу қабр Хўжақўчқор отага рамзий ўрнатилган. Мана буниси эса шаҳид бўлган набираларининг ҳақиқий қабри. Эшон бобо сизиб чиқишига сабабчи бўлган иккита булоқ эса атрофдаги арчазор ва турли ўт-ўланлар, гиёҳларни сув билан таъминлаб турибди. Шу машъум воқеадан буён қашқадарёлик ўша қавм фарзандларининг кўпчилиги дардман бўлиб туғилар эмиш. Шунданми, ҳар йили бу уруғ вакиллари ғойиб бўлган пирларини зиёрат қилиш учун шу ерга келади. Бундан бошқа зиёратчилар сафи ҳам кўпаймоқда. Шунингдек, булоқ сувини ошқозон ва тери касалликларига даво дейишади. Зиёратгоҳ “Бойсун баҳори” халқаро фольклор фестивали бўлиб ўтадиган яшил кенгликдан чамаси олти километр баландликда жойлашган. Сайёҳларга қулай шароит яратиш учун ўнқир-чўнқир тоғ йўлига асфальт ётқизилди. Трансформатор ва бетон устунлар ўрнатилиб, электр сими тортилди. Интернет алоқаси яхшиланди.
–Бу ерлар мўъжизага бой, бетакрор табиатга эга хушманзара жой, –дейди “Ферузбек-Асл чорваси” фермер хўжалиги раҳбари Хуршид Тўрақулов. – Биласиз, тоғда ёғингарчилик кўп бўлади. Ҳов чўққига жала ёғса, бир зумда кучли сел чиқиб, атрофга шиддат билан ёйилса ҳам Хўжақўчқор ота ва неваралари қабрини айланиб ўтади. Йирик-йирик тошларни ювиб кетади-ю, ясси текисликда жойлашган икки қабрга яқин келмайди. Буни ўзимча ё сирли табиат ёки муқаддас исломий илмнинг кучи бўлса керак, дея ўйлайман.
Бу ер мўъжизакор табиати ва турфа ҳайвонот дунёси билан ҳам қизиқарли. Табиати аллергик касалликларга шифо бўлади. Ўтган йили пандемия даврида тоғ қўйнининг яна бир фойдали хусусияти аниқ бўлди. Коронавирусдан ўпкаси жиддий шикастланган айрим беморлар шифокорлари билан шу ерга келиб, ҳавосидан тўйиб баҳраманд бўлгач, жуда тез соғайиб кетди. Биласизми, туризмни ривожлантиришга агар бундан беш йилча олдинги даврда бугунгидек эътибор қаратилганида бу жойлар ҳозир йил ўн икки ой нафақат маҳаллий балки, хорижликлар билан ҳам гавжум сайёҳлик масканига айланган бўлар эди. Айни пайтда осмонўпар тоғ қўйнида замонавий туристик йўналиш яратаётган фермер бу ерда 20 кишининг бандлигини таъминлаган.
– Президентимиз раислигида жорий йил 26 апрель куни туризм хизматлари кўламини кенгайтириш ва инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилиши менга ҳам янги ғоялар берди, – дейди Хуршид Тўрақулов. – Лойиҳалар ташаббускорларига яратилаётган имконият ва имтиёзлардан жуда қувондим. Шу йил 50 ўринли хостел, замонавий ошхона, минифутбол майдони, экотуризм йўлакларини барпо этмоқчи эдим. Энди ов ва экстремал туризмни ҳам йўлга қўяман. Квадратцикл, багги, ҳаво шарлари олиб келаман. Дор йўли, аэроплан, дельтоплан майдончаси қураман. Видеоселектор йиғилишида бу ишларни рўёбга чиқаришимнинг аниқ молиявий манбаси маълум бўлди. Мабодо мутасаддилар рухсат беришса, зиёратгоҳнинг ўзида ҳам қатор замонавий шароитлар яратишни мўлжаллаяпман.
Тоғ қўйнида сўлим маскан бунёд этаётган фермер шу кунларда “Бойсун баҳори” халқаро фольклор фестивали иштирокчиларига сифатли туристик хизматлар кўрсатишга пухта тайёргарлик кўрмоқда.
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz