Тўра Боболов темир йўл ва автомобиль йўли ёқасидаги ободонлаштириш ишларини ўрганди

Ободлик, озодалик бор жойда жойда қут-барака, сиҳат-саломатлик бўлади. Одамларнинг турмуш даражаси янада ошади. Шу боис ҳам ободлик, саранжом-саришталик ҳар кунлик ҳаётий эҳтиёжимизга айланмоқда.

Ҳозирда Сурхондарё вилоятдаги 721 та маҳалла фуқаролар йиғинида 450 мингдан ортиқ хонадон мавжуд. Воҳада истиқомат қилаётган аҳолининг 626 минг нафари кўп қаватли, 1 миллион 666 минг нафари якка тартибдаги уйларда яшайди. Маҳаллалар ҳудудида 7 минг 363 кўча бор.

Ободлик ва озодалик ишлари асло мавсум танламасада кейинги кунларда ҳаво ҳароратининг кун сайин илиқлашиши хонадон, кўча ва маҳаллаларимизни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш учун қулай муҳит яратмоқда.

Бугун Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов эрта тонгдан поездда Термиздан Сариосиё станциясигача бўлган темир йўл атрофидаги, тушдан сўнг қайтишда эса автобусда Узундан Термизгача М-41 автомобиль йўли ёқасида жойлашган маҳаллалардаги аҳоли яшаш жойлари, корхоналар ва экин майдонлари ҳолати билан танишди.

Вилоят ҳокимига тегишли вилоят ҳокими ўринбосарлари, вилоят Халқ қабулхонаси мудири, туманлар ҳокимлари, секторлар ва мутасадди идоралар раҳбарлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ҳамроҳлик қилди.

Вилоятда 94 маҳалла темир йўл йўналиши атрофида жойлашган. Уларда 21 минг 352 хонадон мавжуд. 52 та маҳалла эса М-41 автомобиль йўли ёқасида жойлашган бўлиб, уларда 25 минг 20 та хонадон бор.

Ўрганиш жараёнида Термиз шаҳри, Термиз, Жарқўрғон, Қумқўрғон, Шўрчи, Денов, Сариосиё, Узун туманлари ҳудудидан ўтувчи темир йўл ва автомобиль йўли ёқасидаги маҳаллалар қиёфасига, кўчалар, корхона ва ташкилотлар бинолари ҳолатига эътибор қаратилди.

Айрим маҳаллалардаги аянчли манзаралар, ҳар ер, ҳар ерда тўпланиб турган чиқиндилар уюми, кўча бўйларига экилган дов-дарахтларга шакл бериш ва оқлаш ишлари бажарилмаганлиги, ариқ ва зовурларнинг тозаланмаганлиги, ёввойи ўт-ўланлар билан қопланганлиги маҳалла ва кўча ҳуснига доғ тушураётганлиги танқид қилинди.

Худди шундай, аҳоли хонадонлари, томорқалари ҳолати ҳам вилоят ҳокими эътибориданчетда қолмади. Айрим уйларнинг том ва фасад қисмлари таъмирланмаганлиги, деворлари оқланмаганлиги, баъзи ёрдамчи бинолари бетартиб қурилганлиги, томорқасидан самарасиз фойдаланаётганлиги кўрсатилди.

Ўз уйи, юртини обод қилиб, шундан мамнун бўлиб яшаш инсон умрига маъно беради. Шу маслак ҳаётимизга ўзгача шукуҳ бахш этади. Қачонки, ҳар уй, маҳаллада яшаётган одам озодаликка ҳисса қўшса, юрту кентларимиз гўзаллашиб бораверади.

Тўра Боболов мутасаддиларга уйма-уй юриб, хонадонлар, кўчалар, маҳаллаларнинг озодалигига эришиш, одамларга уй-жойига эътиборли бўлиш, томорқасидан самарали фойдаланишни тарғиб қилиш, уларда обод ва озода гўша завқини туйиб яшаш ҳиссини янада кучайтириш, ҳар бир ташкилот ва муассасанинг ўз ҳудудини тоза сақлашда мансабдор шахсларнинг масъулиятини ошириш топшириғини берди.

Ўрганиш чоғида йўл ёқасидаги қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланиш ҳолатига ҳам эътибор қаратилди. Ерлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш, унинг экологик ҳолатини яхшилаш, экинларни жойлаштиришдаги мавжуд муаммолар йўл-йўлакай кўрсатиб ўтилиб, уларни бартараф этиш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.

– Бир ҳафтадан сўнг яна ушбу йўналишлар бўйича юриб, бугун кўрсатилган камчиликларнинг  қай даражада бартараф этилганлигини ўрганамиз, – деди Тўра Боболов мутасаддиларга. – Бугунги ҳаёт, бугунги давр олдимизга қўяётган вазифаларни ҳар биримиз чуқур англаб, унга виждонан ёндашсак, ишимизда ривож ва барака бўлади, одамларимизнинг турмуш шароити яхшиланади. Шу сабабли зиммамиздаги масъулиятни бир зум ҳам унутишга, вазифалар ижросида сусткашликка йўл қўйишга ҳаққимиз йўқ.

Изоҳ қолдириш

Сўровнома
Сурхондарё вилояти ҳокимлиг фаолиятини қандай бахолайсиз ?

Боғланиш
Сайт Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги, Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари томонидан яратилган.