“Инсон қадри” онлайн платформаси тақдимоти бўлиб ўтди
Бугун вилоят ҳокимлиги катта мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамкорлигида “Инсон қадри” онлайн платформаси ҳамда “2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси” тўплами тақдимотига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Халқ депутатлари вилоят ҳамда маҳаллий Кенгашлари вакиллари, корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари, нодавлат–нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари мутасаддилари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳозир бўлган тадбирни Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Сайдулла Абдураимов олиб борди.
Кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Файзулла Маманов, «Тараққиёт стратегияси» марказининг бўлим бошлиғи Жамшид Шарипов, Авазбек Холбеков, Олий Мажлис Сенатининг аъзоси Арзиқул Соатов, “Юксалиш” умумиллий ҳаркати Сурхондарё вилояти бўлими раҳбари Гулмира Амирова, вилоят Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошармаси бошлиғи Заҳириддин Тўраевларнинг маърузалари тингланди.
Хусусан, Тараққиёт стратегияси ва Давлат дастурларининг жойлардаги ижроси натижаларини кенг аҳоли қатламига етказиш ҳамда унинг жойлардаги ижросида бевосита аҳолининг иштирокини таъминлаш мақсадида ташкил этилган «Инсон қадри» онлайн порталининг тақдимотида порталнинг ишлаш механизми ва ундан кутилаётган натижалар тўлақонли ёритиб берилди. Жумладан, «davlatdasturi.uz» онлайн платформаси орқали Тараққиёт стратегияси ва Давлат дастурининг ижроси тўғрисидаги маълумотларни кенг жамоатчилик томонидан кузатиб бориш имкони яратилганлиги, аҳоли Давлат дастурининг ижроси юзасидан ўз фикр, таклиф ва эътирозларини билдиришлари мумкинлиги таъкидланди.
Ўз навбатида, Давлат дастури ҳар бир бандининг ижро ҳолатини батафсил ўрганиш имконияти яратилганлиги масъул мутасаддиларда унинг ижросига доир ҳисобдорликни оширади. Мазкур порталда амалга оширилган ислоҳотларни ўз ҳаётида ҳис қилиши керак бўлган фуқаролар шахсий муносабатларини фото, видео ёки электрон ҳужжатларни юклаш орқали ҳам жўнатиш имконияти яратилган. Бу эса кенг жамоатчиликнинг Тараққиёт стратегияси ва Давлат дастурининг мониторинги ва амалга оширилишидаги тизимли иштирокини таъминлаш ва натижадорлигини баҳолашга хизмат қилади.
Шунингдек, порталга Тараққиёт стратегияси ва Давлат дастурининг ижроси натижалари юзасидан инфографик маълумотлар, видеоролик ва таҳлилий шарҳларга оид маълумотларни киритиб борилиши, кенг жамоатчиликнинг Тараққиёт стратегияси ва Давлат дастури доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлардан хабардорлигини оширади.
Тадбирда Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаларини ташкиллаштиришда жамоатчилик фаоллигини ошириш зарурлиги хусусида сўз борар экан, Констиутуциявий комиссияга фуқароларимиздан 48 минг 492 та таклиф келиб тушгани ҳам конституциявий ислоҳотлар объектив ҳаётий зарурат сифатида кун тартибига чиққани даололатидир. Конституциявий комиссия томонидан тайёрланган таклифлар чуқур муҳокамадан ўтказилиб, ҳозирда Қонунчилик палатасига киритилган. Жорий йил 25 июнидан бошлаб барча вилоят, шаҳар ва туманлар, маҳаллалар ва меҳнат жамоаларида унинг муҳокамасига кенг ўрин берилди. Албатта, бу жараёнда фаоллар, жамоатчилик ўз фикр-мулоҳазалари ва таклифларини билдириши лозим.
Зеро, бу борада Президентимиз таъбири билан айтганда, “Янгиланган Конституция мамлакатимизнинг узоқ муддатли тараққиёт стратегиялари, умуман, юртимиз ва халқимизнинг эртанги фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос ҳамда ишончли кафолат яратиши лозим. “Инсон қадри учун” ғоясини ҳамда ҳозирги ислоҳотларимизнинг бош тамойили бўлган “Инсон – жамият – давлат” деган ёндашувни Конституциямизнинг мазмунига чуқур сингдириб, амалий ҳаётимизда бош қадриятга айлантиришимиз зарур. Яъни, инсоннинг қадр-қиммати, шаъни ва ғурури бундан буён барча соҳаларда биринчи ўринда туриши керак!"
Тадбир давомида «Инсон қадри» онлайн портали ва Конституциявий қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилинди ва унда иштирок этганлар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олдилар.
-
Манзил :Термиз шаҳар, Ат-Термизий, 1-А уй. Жамот транспортлари: 2,4,8,222,17,13,5
-
Телефон :+998 (76) 224-02-89, 1088 Antikorrupsiya +99876-228-0190-2012
-
E-mail:gov@surxondaryo.uz